МЕДИЦИНСКИЙ ПОРТАЛ УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҚАРОРИ Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

«Баркамол авлод йили» Давлат дастурини бажариш юзасидан ва профилактик соғлиқни сақлашни янада ривожлантириш, энг аввало, қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, «Соғлом она — соғлом бола» мақсадли вазифани изчил амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасининг 2010 — 2015 йилларда қиш­лоқ туманларида яшайдиган ҳомиладор аёлларни таркибида, шу жумладан, фоли кислотаси мавжуд бўлган умумий қувватлантирувчи поливитаминларнинг махсус комплекслари билан таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар:

2010 — 2014 йилларда республиканинг қишлоқ туманларида яшайдиган ҳомиладор аёллар учун харид қилинадиган, таркибида, шу жумладан, фоли кислотаси мавжуд бўлган умумий қувватлантирувчи поливитаминлар махсус комплекслари таркибидаги витаминларнинг энг кам рўйхати;

республиканинг қишлоқ туманларида яшайдиган ҳомиладор аёллар учун харид қилинадиган, таркибида, шу жумладан, фоли кислотаси мавжуд бўлган умумий қувватлантирувчи поливитаминлар махсус ком­­п­лексларини харид қилиш, тақсимлаш ва ажратиш тартиби тўғрисидаги Низом;

республиканинг қишлоқ туманларида яшайдиган ҳомиладор аёллар учун харид қилинадиган, таркибида, шу жумладан, фоли кислотаси мавжуд бўлган умумий қувватлантирувчи поливитаминлар махсус ком­­п­лексларини харид қилиш бўйича Идоралараро тендер комиссияси таркиби тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2010 йилда ҳомиладор аёллар учун поливитаминлар комплексини харид қилиш учун ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга назарда тутилган харажатлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига 8,0 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратсин.

2011 — 2014 йилларга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосланган буюртманомалари бўйича республиканинг қишлоқ туманларида яшайдиган ҳомиладор аёллар учун харид қилинадиган, таркибида, шу жумладан, фоли кислотаси мавжуд бўлган умумий қувватлантирувчи поливитаминларнинг махсус комплексларини сотиб олишга зарур маблағларни назарда тутсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан олиб кириладиган, таркибида, шу жумладан, фоли кислотаси мавжуд бўлган 1-иловага киритилган умумий қувватлантирувчи поливитаминлар махсус комплекслари 2015 йил 1 январгача божхона тўловлари (божхона йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан озод қилинсин.

5. Поливитаминларнинг махсус комплекслари республиканинг қишлоқ туманларидаги ҳомиладор аёллар сонига, препаратларнинг зарур тарзда транспортда ташилишига ва сақланишига, уларнинг ҳомиладор аёлларга мақсадли ажратилишига, шунингдек, поливитаминлар комплексларидан фойдаланишнинг зарур тарзда ҳисобга олиниши ва ҳисобот берилишига қараб ҳудудлар бўйича асосли тақсимланишини таъминлаш учун масъулият Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ­вазирлигига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси поливитаминлар комплексларини харид қилишга ажратиладиган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилишини, шунингдек, асосли ва аниқ тарзда тақсимланишини, туман тиббиёт бирлашмалари ва қишлоқ врачлик пунктларигача етказиб берилишини, зарур тарзда омборга жойлаштирилиши ва сақланишини, ҳомиладор аёлларга аниқ тарзда ажратилишини мунтазам равишда текшириб борсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жам­ғармаси оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, маҳаллий телевидение, радио ва газеталар орқали ҳомиладор аёлларнинг репродуктив саломатлигини ва уларнинг бўлажак фарзандлари саломатлигини мустаҳкамлаш учун поливитаминлар комплексларини қабул қилишнинг муҳимлиги тўғрисида аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этсинлар.

7. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, оммавий ахборот воситалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари республиканинг қишлоқ туманларида ҳомиладор аёллар саломатлигини мустаҳкамлашга ва аҳолининг тиббий маданиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилиши ёритилишига ҳар томонлама кўмаклашсинлар.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент шаҳри,

2010 йил 22 июль


Дата принятия:  22.07.2010


Copyright © WWW.MED.UZ - Медицинский портал Узбекистана, 2005-2011 Все права защищены. Вся информация, размещённая на данном веб-сайте, предназначена только для персонального использования и не подлежит дальнейшему воспроизведению и/или распространению в какой-либо форме, иначе как с письменного разрешения компании MedNetSoft