o`zb   рус   eng
Медицинский портал Узбекистана
 Победитель интернет фестиваля национального домена 2013
Главная Поиск Обратная связь Карта сайта Версия для печати rss

Подписка на рассылку

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2010 йил 18 июндаги 191-сон буйруғига ИЛОВА

17.08.2010

Ўзбекистон Республикаси
соғлиқни сақлаш вазирининг
2010 йил 18 июндаги
191-сон буйруғига
ИЛОВА


Даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларини тайинлаш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби, шунингдек дорихона муассасалари томонидан аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тўғрисида

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 9-сон, 128-модда) ва “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги”ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 4-5-сон, 120-модда) қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг1994 йил 6 августдаги 404-сон “Республикада дори-дармонлар ва тиббий буюмлар билан таъминлашни ва уларни тақсимлашни яхшилашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 1999 йил 14 январдаги 18-сон “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимида бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ барча даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларини тайинлаш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш, шунингдек дорихона муассасалари томонидан аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом талаблари таркибида гиёҳванд воситалар, психотроп ва заҳарли моддалар бўлган дори воситаларини тайинлаш, қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби, шунингдек уларни дорихона муассасалари томонидан аҳолига рецепт асосида беришга татбиқ этилмайди.

2. Мазкур Низомнинг дори воситаларини рецепт асосида беришга оид қоидалари имтиёзли шартлар ва бепул рецептлар бўйича дори воситаларини беришга қўлланилмайди.

3.Даволаш-профилактика муассасаларида Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини тайинлаш, шунингдек сифатсиз дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тақиқланади.

4. Даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларининг тайинланиши ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш
бўйича назорат Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади. 

II. Дори воситаларини тайинлаш

5. Даволаш-профилактика муассасаларида беморларга дори воситаларини тайинлаш ташхис ва даволаш стандартлари асосида бир марталик, кунлик ва курс дозаларини аниқлаш орқали касалликнинг тури, оғирлиги ва хусусиятига ҳамда беморнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда даволовчи шифокор томонидан амалга оширилади.

6. Беморга тайинланган дори воситалари (дори воситаларининг номи, бир кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги ва бошқалар) унинг тиббий ҳужжатлари (касаллик тарихи, амбулатория картаси, боланинг ривожланиш тарихи ва бошқалар)да қайд қилинади ва бевосита даволовчи шифокор томонидан имзоланади.

7. Қуйидаги ҳолларда беморга дори воситаларини тайинлаш даволаш- профилактика муассасасининг бўлим мудири ёки навбатчи шифокори ёхуд клиник фармакологи билан келишилиши лозим:

беморга бир вақтнинг ўзида беш ва ундан ортиқ дори воситалари тайинланганда;

асосий касалликнинг асоратлари ёки ҳамроҳ касалликлари мавжуд бўлганда;

мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ Дори воситаларининг хавфли комбинациялари рўйхатида кўрсатилган дори воситаларининг хавфли комбинациялари мавжуд бўлганда.

Ушбу ҳолларда тайинланган дори воситалари беморнинг тиббий ҳужжатларида қайд этилиши ва ушбу тиббий ҳужжатлар бевосита даволовчи шифокор ҳамда мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган шахслар томонидан ҳам имзоланиши лозим.

8. Даволовчи шифокор даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда даволанаётган беморга ушбу муассасада мавжуд бўлмаган дори воситаларини тайинлаши мумкин.

9. Даволаш-профилактика муассасасининг даволовчи шифокори томонидан дори воситалари рецепт асосида тайинланганда, рецептда шифокорнинг фармацевт ходимга дори воситасининг таркиби, шакли, уни тайёрлаш ва бериш ҳақидаги ёзма кўрсатмаси лотин тилида, дори воситаларини қўллаш усули эса ўзбек ёки рус тилида кўрсатилиши шарт.

10. Рецепт беморга унинг ёши, дори воситасининг савдо номи билан патентланмаган халқаро ёки кимёвий номи, мураккаб таркибли дори воситалари учун савдо номи, дори воситаси экстемпорал усулида тайёрланганида унинг таркибига кирувчи дори воситаларининг номлари, шунингдек уларнинг дозаси, даврийлиги, қабул қилиш вақти ва давомийлиги, озиқ-овқат билан ўзаро таъсирлашувчи дори воситалари (овқатдан олдин, овқатланиш вақтида, овқатдан кейин) кўрсатилган ҳолда мазкур Низомнинг 2-иловасида келтирилган шаклдаги рецепт бланкига мувофиқ берилади.

Бунда рецептда тайинланган дори воситалари (дори воситаларининг номи, бир кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги ва бошқалар) рецептнинг йиртма корешогида ҳам бир-биридан фарқланмайдиган ҳолатда кўрсатилиши шарт.

11. Рецепт ёзишда ушбу Низомнинг 3-иловасида келтирилган Асосий рецептура қисқартмаларидан фойдаланиш мумкин.

12. Рецептда айнан қандай дори воситаси ёзилганлигини аниқлашда адаштирувчи ингредиентларнинг номига яқин қисқартмаларни ёзишга йўл қўйилмайди.

13. Ҳар бир даволаш-профилактика муассасасидаги даволовчи шифокорларга рецепт бланклари ушбу муассаса раҳбарининг буйруғи билан тайинланадиган жавобгар шахс томонидан, дам олиш ва байрам кунлари ҳамда тунги вақтларда эса даволаш-профилактика муассасасининг масъул навбатчи шифокори томонидан берилади.

Шифокорларга бериладиган рецепт бланкларининг ҳисоби ушбу Низомнинг
4-иловасида келтирилган Даволаш-профилактика муассасаларида рецепт бланкларини беришни қайд қилиш журналига мувофиқ юритилади.

14. Рецепт Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан берилганда уларнинг юқори қисми чап бурчагида даволаш-профилактика муассасасининг номи ва манзили тегишли штамп қўйилган ҳолда кўрсатилиши, хусусий даволаш-профилактика муассасалари томонидан берилганда эса қўшимча равишда рецептнинг юқори қисми ўнг бурчагида ушбу муассасанинг фаолият кўрсатиши бўйича берилган лицензиянинг тартиб рақами, берилган санаси ва амал қилиш муддати ҳам кўрсатилиши лозим.

15. Рецептда “Ичиш учун”, “Маълум”, “Қоида тариқасида” ва бошқа шу каби белгилардан фойдаланиш ман этилади.

16. Рецептда суюқ дорилар миқдори миллилитр ва томчиларда, қолган моддалар эса граммларда ёзилади.

17. Рецепт бланкида кўрсатилган катаклар аниқ ва тушунарли тарзда тўлдирилиши, унда ўчириш ва тузатишларга йўл қўйилмаслиги лозим.

Рецепт даволовчи шифокорнинг имзоси ва шахсий муҳри билан тасдиқланиши лозим. Бунда даволовчи шифокор шахсий муҳрининг ташқи айлана диаметри 20 мм, кичик айлана диаметри 10 мм, айланалар орасидаги масофа 3 мм ва кичик айлана ичидаги чизиқ узунлиги 8 мм бўлиши ҳамда катта айлана ичида даволовчи шифокорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, кичик айлана ичидаги чизиқда “шифокор” сўзи ёзилади.

18. Рецепт уни берган даволовчи шифокорнинг имзоси билан тасдиқланган кундан бошлаб бир ой мобайнида ҳақиқий ҳисобланади.

Касаллиги сурункали бўлган беморлар учун амбулатория шароитида тайёр дори воситаларига ва экстемпорал усулида тайёрланадиган дори воситаларига рецепт берилганда, даволовчи шифокор томонидан истисно тариқасида уни амал қилиш муддати бир йилгача белгиланишига рухсат этилади, миқдорий буюм ҳисобида турувчи анаболик фаолликка эга бўлган ҳамда таркибида спирт сақловчи экстемпорал усулида тайёрланувчи дори воситалари бундан мустасно.

19. Касаллиги сурункали бўлган беморларга амал қилиш муддати бир йилгача бўлган рецептлар берилганда, даволовчи шифокор томонидан уни амал қилиш муддати ва дорихона муассасасидан дори воситаларини бериш даврийлиги (ҳар ҳафта, ҳар ой ва бошқалар) кўрсатилиши шарт.


20. Стационар даволаш-профилактика муассасасида даволанган беморга амбулатория шароитида даволанишни давом эттириш зарур бўлган ҳолларда рецепт амбулатория-поликлиника муассасасининг шифокори томонидан беморнинг тиббий ҳужжатларидан олинган кўчирмасидаги даволовчи шифокорнинг амбулатория шароитида дори воситасининг қўлланилиши хақидаги тавсиясига асосан берилади.

21. Рецепт ёзиб бериш тақиқланади:

наркоз воситаси сифатида ишлатиладиган дори воситаларига;

мазкур Низомнинг 5-иловасига мувофиқ Бир-бирига номутаносиб дори воситалари рўйхатида кўрсатилган дори воситаларига.

III. Даволаш-профилактика муассасаларида беморнинг дори воситаларини

қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш

1-§. Даволаш профилактика муассасаларида беморнинг
дори воситаларини қабул қилиш

22. Даволаш-профилактика муассасалари томонидан стационар шароитида даволанаётган бемор (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар)нинг дори воситалари ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳолатдагина қабул қилиниши мумкин.

23. Даволаш-профилактика муассасасининг даволовчи шифокори томонидан беморнинг дори воситалари қабул қилиб олинаётганда ушбу дори воситалари рецептнинг йиртма корешогида кўрсатилган дори воситалари билан ўзаро мувофиқлиги, шу жумладан дори воситасининг кўрсатилган яроқлилик муддати, бирламчи ва иккиламчи ўрамнинг бутунлиги ва ташқи кўриниши текширилади ҳамда текшириш натижаларига кўра ушбу дори воситаларини қўллаш мумкинлиги ҳақидаги хулосага келинса, текширилган дори воситаларининг қайд этиб ўтилган барча хусусиятлари беморнинг тиббий ҳужжатларида қайд этилади ва рецептнинг йиртма корешоги беморнинг тиббий ҳужжатига тикилади.

24. Бемор (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар) томонидан даволовчи шифоркорга дори воситалари билан биргаликда рецептнинг йиртма корешоги тақдим этилмаса ёки унда ушбу Низомнинг 34-бандида кўрсатилган маълумотлар қайд этилмаган бўлса, даволаш-профилактика муассасасининг даволовчи шифокори томонидан дори воситаларини қабул қилиш тақиқланади.

25. Рецептнинг йиртма корешоги бемор (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар) томонидан йўқотиб қўйилган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, бемор дори воситалари олинган дорихона муассасасига мурожаат этиб, уларда сақланаётган рецептдан ўз ҳисобидан кўчирма нусхасини олишга ҳақли.

Бунда дори воситаларини берган дорихона муассасаси ўзида сақланаётган рецептнинг нусхасини ўз муҳри билан тасдиқлаб беради ва ушбу рецепт нусхаси рецептнинг йиртма корешоги кучига эга бўлади.


2-§. Даволаш-профилактика муассасаларида беморнинг

дори воситаларини сақлаш

26. Даволаш-профилактика муассасаларида амбулатор шароитида даволанаётган беморлар (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар) томонидан олиб келинган дори воситалари уларнинг ўзларида сақланади.

27. Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитида даволанаётган беморлар (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар) томонидан олиб келинган ва алоҳида сақлаш шароитларини талаб этмайдиган дори воситалари улар жойлаштирилган хонада, алоҳида сақлаш шароитларини талаб этадиган дори воситалари эса ушбу муассасанинг муолажа хонасида сақланади.

3-§. Даволаш-профилактика муассасаларида беморнинг

дори воситаларини қўллаш

28. Даволаш-профилактика муассасалари томонидан бевосита бемор (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар) томонидан олиб келинган дори воситалари ушбу Низомнинг 23-бандида белгиланган тартибда қабул қилиб олинганидан сўнг қўлланилади.

29. Даволаш-профилактика муассасасида даволанувчи беморга дори воситалари даволовчи шифокор томонидан тайинланган усулда ҳар бир дори воситаси учун белгиланган тиббиёт амалиётида қўлланиш йўриқномасига асосан ушбу муассасанинг ҳамшираси томонидан қўлланилади.

IV. Дорихона муассасалари томонидан аҳолига дори воситаларини

рецепт асосида бериш

30. Дорихона муассасаларидан дори воситалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги даволаш-профилактика муассасаларининг даволовчи шифокорлари томонидан ушбу Низомда белгиланган тартибда ёзилган рецептларга кўра берилади, шифокор рецептисиз сотиладиган дори воситалари бундан мустасно.

31. Бемор (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар) томонидан дорихона муассасаларидан қайта олинадиган дори воситалари учун янги рецепт тақдим этилиши шарт.

32. Дорихона муассасасидан бериладиган дори воситалари рецептда ёзилган дори воситаларининг миқдори ва дозасига мос келиши лозим.

Рецептда савдо номи билан тайинланган дори воситаси дорихонада мавжуд бўлмаган ҳолларда ушбу дори воситасининг халқаро патентланмаган номига асосан бошқа савдо номига эга бўлган дори воситасига синонимик алмаштирилиши мумкин.

33. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 6 августдаги 404-сон “Республикада дори-дармонлар ва тиббий буюмлар билан таъминлашни ва уларни тақсимлашни яхшилашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ дорихона муассасалари томонидан рецепт асосида дори воситалари берилганда рецепт ушбу муассасанинг фармацевт ходими томонидан олиб қолинади, экстемпорал усулида тайёрланиб берилган дори воситалари эса қўшимча равишда мазкур Низомнинг 6-иловасида келтирилган Дорихона муассасасида рецептларни қайд этиш журналига киритилади.


34. Дорихона муассасасининг фармацевт ходими томонидан рецепт олиб қолинганда унинг йиртма корешогига берилган дори воситаларининг номи ва серия рақамлари киритилади ва унинг фамилияси, исми, отасининг исми ёзилиб, имзоси ҳамда дорихона муассасасининг штампи қўйилган ҳолда бемор (беморнинг қариндошлари ёки ишончли вакиллари)га даволовчи шифокорга тақдим қилишлик учун берилади.

Дорихона муассасаси томонидан дори воситалари “стикер” ёки дори воситаси ҳақида тўлиқ маълумот (дорихона муассасасининг номи, дори воситасининг номи ва серия рақами)га эга бўлган товар чеки билан берилганда рецептнинг йиртма корешогини тўлдириш талаб этилмайди.

35. Дорихона муассасаси томонидан амал қилиш муддати бир йилгача бўлган рецептлар асосида дори воситалари берилганида, рецептнинг орқа қисмида дори воситасининг миқдори ва берилган санаси кўрсатилади, рецептнинг йиртма корешогида эса дори воситаларининг номи, серия рақамларини кўрсатган ҳолда дорихона муассасасининг штампи қўйилади ва бу ҳақда Дорихона муассасалари учун рецептларни қайд этиш журналига қайд қилинади.

Бунда бемор (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар)нинг дорихона муассасасига навбатдаги мурожаатида олдинги олинган дори воситалари тўғрисидаги ёзувни эътиборга олган ҳолда навбатдаги дори воситаларини ўз муддатида берилишига алоҳида эътибор қаратилиши шарт.

36. Бир йилгача амал қиладиган рецептларнинг муддати тугаганида рецепт асосида охирги дори воситасини берган дорихона муассасаси томонидан “Рецепт ҳақиқий эмас” штампи босилади ва ушбу муассасада олиб қолинади. Бунда рецептнинг йиртма корешогига ушбу Низомнинг 34-бандида кўрсатилган маълумотлар киритилган ҳолда бемор (беморнинг қариндошлари ёки ишончли вакиллари)га даволовчи шифокорга тақдим қилишлик учун қайтариб берилади.

37. Рецептда ушбу Низомга зид равишда расмийлаштирилган ёки бир-бирига номутаносиб дори воситалари кўрсатилган бўлса, дорихона муассасаси томонидан унга “Рецепт ҳақиқий эмас” штампи босилади ва бекор қилинади. Бунда бекор қилинган рецепт ҳақидаги маълумотлар ушбу Низомнинг 7-иловасида келтирилган Дорихона муассасасида нотўғри ёзиб берилган рецептларни ҳисобга олиш журналида қайд этилади ва рецептни берган даволаш-профилактика муассасасининг раҳбарига нотўғри ёзилган рецептлар тўғрисида хабар берилади.

38. Рецепт бланкларини сақлаш ва йўқ қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 6 августдаги 404-сон “Республикада дори-дармонлар ва тиббий буюмлар билан таъминлашни ва уларни тақсимлашни яхшилашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилади.


V. Якуний қоидалар

39. Ушбу Низомнинг талабларини бузган айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.

40. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва
“Дори-дармон” АК билан келишилган.

Ўзбекистон Республикаси

Савдо-саноат палатаси раиси                                                                                                                   А.Шайхов

2010 йил “___” ___________


“Дори-дармон” АК

бошқаруви раиси                                                                                                                                         У.Салихбаева

2010 йил “___” ___________







Дата принятия:  18.06.2010

Последние события

Реклама

Реклама на сайте

Rambler's Top100         MedLinks - Вся медицина в Интернет                 Яндекс.Метрика
Сертифицированный партнёр 1с-Битрикс

Copyright © WWW.MED.UZ - Медицинский портал Узбекистана, 2005-2024 
Все права защищены. Вся информация, размещённая на данном веб-сайте, предназначена только для
персонального использования и не подлежит дальнейшему воспроизведению и/или распространению
в какой-либо форме, иначе как с письменного разрешения компании MedNetSoft

Контакты:
Tel.: +998 (71) 200-92-22
Fax.: +998 (71) 200-92-22
e-mail:
info@mednetsoft.uz