o`zb   рус   eng
Медицинский портал Узбекистана
 Победитель интернет фестиваля национального домена 2013
Главная Поиск Обратная связь Карта сайта Версия для печати rss

Подписка на рассылку

Услубий Қўлланма

22.09.2010

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ

ТИББИЙ ТАЪЛИМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАРКАЗИ

ТОШКЕНТ ФАРМАЦЕВТИКА ИНСТИТУТИ

ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ВА ТИББИЙ БУЮМЛАРИ СИЁСАТИ МАРКАЗИ

Дорихона ва даволаш муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2010 йил 29 июнда 2118 – сон билан рўйхатдан ўтган, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2010 йил 18 июндаги 191-сонли буйруғи билан тасдиқланган«Даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларини тайинлаш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби, шунингдек дорихона муассасалари томонидан аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тўғрисида» Низомни амалиётда татбиқ этишга доир

УСЛУБИЙ ҚЎЛЛАНМА

Тошкент – 2010

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ

ТИББИЙ ТАЪЛИМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАРКАЗИ

ТОШКЕНТ ФАРМАЦЕВТИКА ИНСТИТУТИ

«ТАСДИҚЛАЙМАН»

ЎзР ССВнинг Фан ва ўқув

юртлари бош бошқармаси бошлиғи, профессор

Атаханов Ш.Э.

________________________

«__3___» __сентябр_ 2010 й.

«КЕЛИШИЛДИ»

ЎзР ССВнинг Тиббий таълимни ривожлантириш Маркази директори вазифасини вақтинча бажарувчи Х.А.Абдуллаева.

__________________

«_____» __________ 2010 й.

Дорихона ва даволаш муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2010 йил 29 июнда 2118 – сон билан рўйхатдан ўтган, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2010 йил 18 июндаги 191-сонли буйруғи билан тасдиқланган«Даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларини тайинлаш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби, шунингдек дорихона муассасалари томонидан аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тўғрисида» Низомни амалиётда татбиқ этишга доир

Услубий Қўлланма

Тошкент – 2010

Тузувчилар: Юнусхўжаев А.Н. Тошкент фармацевтика институти ректори, профессор, фармацевтика фанлари доктори.

Ибрагимова М.Я. ЎзР ССВ Дори воситалари ва тиббий буюмлари сиёсати маркази директори, доцент, фармацевтика фанлари номзоди.

Зайнутдинов Х. С. Тошкент фармацевтика институти, Фармацевтика ишини ташкил қилиш кафедраси мудири, профессор, фармацевтика фанлари доктори.

Тақризчилар: Комилов А. М. Тошкент фармацевтика институти ФМОФнинг Фармация кафедраси доценти, фармацевтика фанлари номзоди.

Ашуров А. А. ДВЭСДМ қошидаги тиббий маҳсулотларни Сертификатлаштириш идораси раҳбари муовини, фармацевтика фанлари номзоди.

Услубий қўлланма Тошкент фармацевтика институтининг Марказий услубий кенгаши мажлисида тасдиқланди (27. 08. 10 й. № 1 баённома).

Ўқув ишлари бўйича проректор в. б. З.А. Юлдашев

Тошкент фармацевтика институтининг Илмий кенгашида тасдиқланди.

(28. 08.10 й. № 1 баённома)

Илмий кенгаш котиби, проф. Л.Т. Икрамов

Низом Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ва “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги”ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг1994 йил 6 августдаги 404-сон “Республикада дори-дармонлар ва тиббий буюмлар билан таъминлашни ва уларни тақсимлашни яхшилашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 1999 йил 14 январдаги 18-сон “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимида бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорларига мувофиқ барча даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларини тайинлаш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш, шунингдек дорихона муассасалари томонидан аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фуқароларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш хуқуқини кафолатлайди хамда давлатга аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлашнинг давлат ва хусусий тизимларини ривожлантириш дастурларини молиявий таъминлаш, инсон саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган фаолиятни рағбатлантириш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, шунингдек экологик ва санитария-эпидемиологик вазиятни яхшилаш мажбуриятларини юклайди.

Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонуни ЎзРКонституциясида белгиланган қоидаларни аниқлаштиради ва ривожлантиради, фуқаролар соғлиғини сақлаш принципларини, бу борадаги қонунчилик вазифаларини, Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил қилишни, тиббий ижтимоий ёрдам кафолатларини, алоҳида аҳоли гуруҳларининг соғлиғини сақлаш борасидаги ҳуқуқларини белгилайди.

Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни беморнинг даволаш муассасаси хақида (жойлашган манзили, иш тартиби хақида), муассаса кўрсатадиган хизматлар (пуллик тиббий ҳизматлар руйхати, уларнинг нархи, хизмат кўрсатиш шартлари, алоҳида тоифа фуқаролар учун имтиёзлар, ДПМ жавобгарлиги), дори воситалари (хоссалари, сифати, рецепт ва/ёки рецептсиз дори воситалари бериш, нархи, кафолатлари) хақида ахборотни, шунингдек тиббий ёрдам кўрсатаётган мутахассисларнинг сертификатлари ва малакаси хақидаги маълумотларни олиш хуқуқини кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикасининг "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Қонуниасосий дори воситаларидан фойдаланиш ва уларнинг сифати бўйича давлат кафолатларини белгилайди, Ўзбекистон Республикаси худудида қўллашга рухсат берилмаган дори воситалари ватиббий мақсадда қўлланиладиган буюмлардан фойдаланишни тақиқлайди.

Ўзбекистон Республикасининг "Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида"ги Қонунигиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар айланмаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солади, уларнинг ноқонуний айланмасига қаршилик қилишга, фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишга ва давлат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 6 августдаги 404-сонли Қарорининг 1-иловасига мувофиқ Республика дорихона муассасаларида дори-воситалари ва тиббий буюмларини сотиш коидалари белгиланган. Ушбу Қарорга биноан Ўзбекистон Республикасида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотиш билан шуғулланишга фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган дорихона муассасаларига рухсат этилади.

Қайд этиб ўтилган дорихона муассасаларида дори воситалари сотишга фақат махсус фармацевтик маълумотга эга бўлган шахсларга рухсат берилади ва дорихона муассасалари томонидан юридик ва жисмоний шахслардан дори воситалари ва тиббий буюмларини сифатини тасдиқловчи ҳужжатларсиз дори воситалари ва тиббий буюмларини қабул килиб олиш тақиқланган.

Дори воситаларини аҳолига шифокорнинг рецепти ва рецептисиз бериш, шунингдек, даволаш-профилактика муассасаларига бериладиган дори воситалар рўйхати ва уларни бериш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади. Барча дорихона муассасалари қайси идорага қарашлилиги ва мулкчилик шаклидан қатъий назар белгиланган талабларига амал қилишлари шарт.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шифокорнинг рецептисиз беришга рухсат этилган дори воситаларидан ташқари барча дори воситалар дорихоналардан фақат меъёрий хужжатларда белгиланган шакллардаги рецептларга кўра берилади.

Даволаш-профилактика муассасалари шифокорларига касалхонада дори воситалари бўлмаганда стационар даволанишда бўлган беморларга рецепт ёзиб беришга рухсат этилади. Бунда дори нақд пулга сотиб олинганлиги ҳақидаги маълумот касаллик тарихига ёзиб қўйилиши шартдир.

Агар рецептда заҳарли, гиёхванд ва бошқа ингридиентлар қўшилмасидаги кучли таъсир қилувчи воситалар ёзиб берилган бўлса, уларни тайёрланган дори таркибига киритмай алоҳида бериш тақиқланади.

ЎзР ВМ 18.07.2000 й. 276-сон Қарори асосида шифокор томонидан заҳарли ёки кучли таъсир этувчи моддани бир марта қабул қилишдан ортиқча дозадагиси, бу рецептда тегишли равишда расмийлаштирилмай ёзилган бўлса, дорихона ходими дорини бир марталик қабул қилиш учун белгиланган дозанинг ярми миқдорида беришга мажбур.

ЎзР ВМ 20.05.2005 й. 131-сон Қарорига биноан пушти рангдаги махсус рецепт бланкаларида ёзиб берилган гиёҳвандлик воситалари худудий даволаш-профилактика муассасаларига фақат шу мақсадлар учун бириктириб қўйилган дорихоналардан берилади.

ЎзР ВМ 18.07.2000 й. 276-сон Қарори асосида давлат назоратидан ўтказилиши керак бўлган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалари шаҳар (шаҳар, вилоят ёки тумани) доирасида фаолиятнинг тегишли турига рухсатномаси бўлган дорихоналар томонидан уларнинг ҳудудидаги даволаш-профилактика муассасалари рецептлари бўйича берилади. Ушбу қарор асосида таркибида гиёҳванд моддалар бўлган дори воситалари учун берилган рецептлар - ёзиб берилган кундан бошлаб 7 кун мобайнида, захарли моддалар бўлган дорилар бўйича - 10 кун, барча қолганлари бўйича эса - бир ой мобайнида хақиқий ҳисобланади.

Шифокор рецептлари бўйича дорихоналардан дори воситаларини бериш меъёри даволашнинг бир муддати учун белгиланади.

Фавқулоддаги ҳолларда (беморнинг шаҳардан жўнаб кетиши, дорихонага мунтазам қатнашининг иложи йўқлиги ва бошқалар) дорихона ходимларига шифокор томонидан тайинланган дори воситаларини узоқ муддат амалда бўладиган рецептлар бўйича икки ой давомида даволаниш учун зарур бўлган миқдорда бир йўла беришга рухсат этилади.

Тиббий этил спирти буйича Вазирлар Махкамасининг ЎзР ВМ 18.07.2000 й. 276-сон Қарорида қуйидагилар белгиланган:

-амбулаторияга қатнаб даволанадиган узоқ давом этадиган касалга чалинган беморларга шифокорнинг "Махсус кўрсатма бўйича" деб ёзиб қўйилган, имзоланган ва даволаш-профилактика муассасасининг муҳри қўйилган рецептлари бўйича, соф ҳолда - 100 граммгача ҳамда "Компресс учун" деб ёзиб қўйилган (аралаштириши миқдори кўрсатилган ҳолда) ёки "Сиртга ишлатиш учун" деб ёзиб қўйилган рецептлар бўйича, ингридиентлар аралашмасида – 100 миллилитргача;

-тиббий мақсадлар учун тиббиёт муассасалари ва ташкилотларига - Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган меъёрлар бўйича берилади.

Таркибида заҳарли, гиёхванд моддалар ва этил спирти бўлган экстемпорал усулда тайёрланган дориларни беришда беморларга рецепт ўрнига юқори қисмида сариқ йўли ва унда қора шрифтда "Сигнатура" деб ёзилади.

Узоқ вақт амалда бўладиган рецепт бўйича дори воситаларни беришда рецепт беморга қайтариб берилади, бунда унинг орқа томонига берилган дори воситасининг сони ва берилган сана ёзиб кўйилади. Бемор дорихонага навбатдаги келганида олдинги олинган дори воситалари ҳақидаги белгилар ҳисобга олинади. Рецептнинг амалда бўлиш муддати тугагач "Рецепт хақиқий эмас" деган тамға босилади ва дорихонада қолдирилади.

ЎзР ВМ 20.05.2005 й. 131-сон Қарори асосида имтиёзли шартларда ёки бепул берилган дори-воситаларнинг рецептлари дорихоналарда уч йил давомида, махсус пушти рангдаги бланклар бўйича берилган дорилар рецептлари - 5 йил, таркибида захарли моддалар, этил спирти бўлган дориларга берилган рецептлар, гангитувчи дори воситалари ва анаболик воситаларга берилган рецептлар бир йил давомида, бошқа дориларга берилган рецептлар - бир ой давомида сақланиши белгиланган.

Рецептлар сақлаш муддати тугагач далолатнома асосида йўқ қилинади.

ЎзР ВМ 18.07.2000 й. 276-сон Қарори буйича дорихона муассасалари ва уларнинг ходимлари барча холатларнинг (рецепт асосида ва рецептсиз дори воситаларини бериш) қоидалари талабларини бузганлик учун конун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Шу билан бирга, Республика ҳудудида, мулкчилик шаклларидан қатъий назар, барча дорихона муассасаларида ЎзР ВМ 18.07.2000 й. 276-сон Қарори билан қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига юклатилади.

Низомнинг умумий қоидалари

Ушбу низом талаблари таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва заҳарли моддалар бўлган дори воситаларини тайинлаш, қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби, шунингдек уларни дорихона муассасалари томонидан аҳолига рецепт асосида беришга татбиқ этилмайди.

Даволаш профилактика ва дорихона муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2001 йил 29 декабрда 1090 – сон билан рўйхатдан ўтган, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2001 йил 28 ноябрдаги 527-сонли буйруғи билан тасдикланган «Гиёҳванд воситаларини, психотроп моддалари ва прекурсорларни сақлаш, бериш, сотиш, тақсимлаш, ҳисобини олиб бориш тўғрисида» Низом талаблари таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва заҳарли моддалар бўлган дори воситаларини тайинлаш, қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби, шунингдек уларни дорихона муассасалари томонидан аҳолига рецепт асосида бериш тартиблари белгиланган.

Шу билан бирга, уларни рецепт бланкаларда гиёҳвандлик воситалари учун ўрнатилган пушти рангли рецепт бланкида (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2001 йил 29 декабрда 1090 – сон билан рўйхатдан ўтган, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2001 йил 28 ноябрдаги 527-сонли буйруғи билан Низом талабларида кўрсатилган), психотроп ва заҳарли моддалар бўлган дори воситаларини даволаш профилактика муассасаларида (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2010 йил 29 июнда 2118 – сон билан рўйхатдан ўтган, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2010 йил 18 июндаги 191-сонли буйруғи билан Низом талабларида кўрсатилган) рецепт бланкасида ёзилади, лекин ёзиш ва расмийлаштириш талаблари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2001 йил 29 декабрда 1090 – сон билан рўйхатдан ўтган, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2001 йил 28 ноябрдаги 527-сонли буйруғи талаблари асосида белгиланган.

Низомнинг дори воситаларини рецепт асосида беришга оид қоидалари имтиёзли шартлар ва бепул рецептлар бўйича дори воситаларини беришга қўлланилмайди.Ушбу Низомни энг асосий талаблари –бу даволаш-профилактика муассасаларида Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини тайинлаш, шунингдек сифатсиз дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тақиқланишидир.

Меъёрий хужжжатларда даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларининг тайинланиши ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш бўйича назорати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Рецепт ва уни ёзиш қоидалари.

Рецепт – шифокорни дорихонага (фармацевтга) дори воситасини тайёрлаш ва бериш ҳақидаги мурожаатидир. Рецепт шундай ҳужжатки, унга рецептни ёзган шифокор, дори воситасини таёрлаган ва берган фармацевт ҳамда дори воситасини беморга қўллаган ходим бирдек масьулдир.

Рецепт ёзишнинг асосий қоидалари:

1.Рецептни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2010 йил 29 июнда 2118 – сон билан рўйхатдан ўтган, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2010 йил 18 июндаги 191-сонли буйруғи билан тасдиқланган«Даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларини тайинлаш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби, шунингдек дорихона муассасалари томонидан аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тўғрисида» Низом талабларида кўрсатилган 105Х148 мм ўлчамдаги бланкага сиёҳ билан лотин тилида тузатишларсиз ва хатоларсиз ёзилади. Хатбоши, сигнатура ва шифокорни имзоси давлат ёки рус тилида ёзилади. Рецепт бланкида даволаш муассасасиснинг тамғаси бўлиши шарт.

2.Ҳар бир дори воситаси бош ҳарф билан, янги қатордан, қаратқич келишигида ёзилади. Экстемпорал усули билан тайинланган рецептда бир қаторга сиғмаган дори моддалар номини кейинги қаторга ўтказилади ва бу ҳолда ёзишда қаторбошидан иккита ҳарфлик жой қолдирилади.

3. Дори воситаларнинг оғирлиги граммларда, қатор охирида араб рақамларида ўнлик каср кўринишида кўрсатилади (0,5; 4,0; 4,5), суюқ моддалар ҳажми эса миллилитрларда кўрсатилади (0,1 мл; 1мл; 50 мл). Алоҳида ҳолатларда моддалар таъсир бирлиги (ТБ), килограмм ёки томчида кўрсатилади.

4. Рецептда битта дори воситаси ёзилади, Recipe (Rp) cўзи билан бошланади ва сигнатура билан тугалланади, хатбоши ва шифокор имзоси фақат бир марта ёзилади.

5.Дори воситасини шошилинч тайёрлаб бериш керак бўлган ҳолатларда рецепт юқори қисмида шифокор томонидан Cito (тез) ёки Antidotum (зиддизаҳар) деб кўрсатма берилади. Фармацевт бундай рецептни олгач, зудлик билан ушбу дори воситасини тайёрлашга киришади.

6.Агар бир қанча дори воситаларни тенг миқдорда олинса ва улар кетма-кетликда ёзилса уларнинг дозаси фақат бир марта, охирги қатордаги воситаси учун кўрсатилади ва доза олдидан аа (аna-тенг миқдорда) белгиси қўйилади.

7.Рецепт ёзишда унинг таркибий қисмида кўрсатилган кетма-кетликка риоя қилиниши лозим. Гиёхвандлик дори воситалари даволаш муассасасининг штампи, муҳри ва шифокорнинг шахсий муҳри бўлган рецепт бланкларида ёзилади. Кўпгина кучли таъсир этувчи дори воситалари эса даволаш муассасасининг штампи ва шифокорнинг шахсий муҳри туширилган рецепт бланкларида ёзилади.

8. Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг тасдиқланган рўйхатида юрак қон-томир, ошқозон-ичак йўли, нафас олиш аъзолари касалликларида қўлланувчи дори воситалари, витаминлар, антисептиклар, дезинфекцияловчи воситалар, иссиқни тушируви ва бошқа дори воситалари таблетка куринишида киритилган.

9. Гиёхвандлик дори воситалари 7 кун, заҳарли моддалар бўлган дорилар бўйича ёзилган рецептлар 10 кун, қолган дори воситалари учун 1 ойгача ёзиб берилган кундан яроқли ҳисобланади.

Дорихонада рецепт олиб қолинади. Дори воситасини қайтадан олиш учун янги рецепт ёзиш керак бўлади.

Агар рецепт қоидага амал қилинмай ёзилса ёки номутаносиб дори воситалари сақланса у ҳолда “Рецепт ҳақиқий эмас” деб штамп қўйилади ва рецепт бекор қилинади.

Рецептнинг таркибий қисмлари.

Улар қуйидагилардан иборат:

1. Хат боши. Бу ерда даволаш муассасасининг номи, манзили ва телефон рақами, бемор тўғрисида маълумот, рецепт ёзилган сана ва уни ёзган шифокор исми-шарифи кўрсатилади. ;

2. Шифокорнинг фармацевтга мурожаати бўлган Recipe (олинг) сўзи қисқартилиб, Rp. Кўринишида ёзилади ;

3. Дори воситасини тайёрланиши керак бўлган дори моддалар рўйхати. Аввал асосий дори модда (basis), кейин эса, асосий модда таъсирини кучайтирувчи қўшимчалар (adjuvans), таъмини яхшиловчилар (Corrigens) ва шакл берувчилар (constituens) ёзилади.

4. Дори воситасини тайёрлаш ва бериш тўғрисидаги кўрсатмалар: Misce (аралаштир) – қисқартирилган кўриниши М.,fiat (бўлсин) – бирликда, fiant – кўпликда. Шакл берувчи воситани керак бўлганича олишлик quantum satis ut fiat (қисқартмаси q.s) шаклида ёзилади. Сўнгра дорини бериш тўғрисида кўрсатма келади_ Da, Detur ёки Dentur (кўпчилик кўринишида) tales doses Numero.,қисқартирилганда D.t.d.N., яъни шундай дозада кўрсатилган миқдорда беринг.

5. Сигнатура (Signatura) қисқартма – S., - дорини қабул қилиш усули. Сигнатурада дорини қабул қилиш тартиби давлат ёки рус тилларида ёзилади ( 1ош қошиқда, 1 таблеткадан ва б.). Дори воситасини кун давомида неча марта ва нима билан ичиш ҳам сигнатура қисмида кўрсатилади.

6. Шифокорнинг имзоси.

Рецептлар қуйидаги турларга бўлинади:

оддий – агар битта дори воситасидан ташкил топса ;

мураккаб – агар икки ва ундан ортиқ дори воситасидан иборат бўлса.

дозаларга бўлинган – агар бир марталик қабул миқдори кўрсатилса ;

дозаларга бўлинмаган – дори воситасидан умумий миқдори ёзилади ва сигнатурада қандай қабул қилиш усули кўрсатилади;

официнал – (расмий) фармакопеяга киритилган ёки саноат корхонасида ишлаб чиқарилувчи дори воситалари учун ;

магистрал – шифокор томонидан ёзилган.

ёйиқ – тўлиқ ҳолатдаги;

қисқартирилган – қисқартма ҳолатдаги;

Рецепт қисқартма холатда ёзилганда, дори воситасини шакли, дори воситасининг номи, концентрацияси ва унинг умумий миқдори кўрсатилади.

Ёйиқ ҳолатдаги рецептда эса асосий дори воситасидан ташқари дори турини тайёрлашга ишлатиладиган барча ингредиентлар, уларнинг миқдори ва тайёрлаш усули кўрсатилади.

Ёйиқ рецепт намунаси:

1. Хатбоши: Тошкент ш. Чилонзор райони,16 оилавий поликлиника,тел: 275-92-81

А.А. Акрамовга 50 ёш

2. Мурожаат: Rp: Dibazoli 0,02

Coffein-natrium benzoatis 0,15

3. Дори воситалари рўйхати Acidi ascorbinici 0,1

Analgini 0,5

4. Тайёрлаш ва бериш M.f. pulv.

тўғрисида кўрсатма

Da tales doses №30.

S. 1 кукун доридан кунига 2 махал

5. Сигнатура

6. Имзо: Шифокор имзоси.

Рецептларга мисоллар:

1. Оддий, дозаларга бўлинмаган рецепт.

Rp.: Magnesii sulfatis 15,0

D. in charta cerata

S. 1 стакан сувда эритиб ичиш учун

2. Мураккаб, дозаларга бўлинмаган рецепт.

Rp: Novocaini 0,5.

Streptocidi 5,0.

M.f. pulv.

D.S. Сиртқи. Ярага сепиш учун кукун.

3. Оддий, дозаларга бўлинган рецепт.

Rp.: Streptocidi 0,5

D.t.d. № 6

S. 1 кукун доридан кунига 3 маҳал.

4. Мураккаб, дозаларга бўлинган рецепт.

Rp.: Papaverini hydrochloridi

Dibazoli aa 0,02

Theobromini 0,3

M.f. pulv.

D.t.d. № 10

S. 1 кукун доридан кунига 3 маҳал

ичилсин.

5. Официнал рецепт.

Rp.: Unguenti Zinci 50,0.

D.S. Сиртга ишлатиш учун.

6. Магистрал рецепт.

Rp.: Sol. Acidi hydrohlorici 3% - 100 ml.

Pepsini 2,0

M.D.S. 1 ош қошиқ.дан кунига 3 махал

7. Қискартма шаклда ёзилган рецепт.

Rp.: Sol. Kalii permanganatis 0,1% -100 ml.

D.S. Сиртқи. Ярани чайиш учун.

8. Ёйиқ ҳолатдаги рецепт.

Rp.: Kalii permanganatis 0,1

Aquae purificatae 100ml.

M.D.S. Сиртқи. Ярани чайиш учун.

Рецепт ёзилганда бўлиши мумкин бўлган дори воситанинг физикавий, кимёвий ёки фармакологик номутаносиблигини ҳисобга олиш керак.

Иккита ва ундан кўп воситалардан керакли шаклни тайёрлаш мумкин бўлмаганда – физикавий номутаносиблик дейилади.

Рецептда ёзилган воситалар ўртасидаги кимёвий реакция натижасида фаол бўлмаган ёки заҳарли бирикма ҳосил бўлганда кимёвий номутаносиблик дейилади.

Рецептдаги воситаларни организмга юборилганда турли йўналишларда таъсир этилса ёки бир бирининг таъсирини сусайтирса, фармакологик номутаносиблик дейилади.

Рецептда дори воситалари қаратқич келишикда ёзилади. Шунинг учун бош келишикдаги (биринчи турланиш) бирлик сонли сўз “а” харфи билан томомланса, қаратқич келишикда (биринчи турланиш) бирлик сонлида эса бу сўз “ае” дифтонги билан тамомланади (Tuinctura-Tincturaе, Pilula-Pilulae); “us”, “er” ва “um” билан томомланган сўзлар (иккинчи турланиш), қаратқич келишик бирлик сонида “i” дифтонги билан томомланади (Olеum-Olei, Acidum – Acidi, Decoctum - Decocti); “as” билан томомланадиган сўзлар эса “is” дифтонги билан оҳирланади (Sulfas-sulfatis, nitras-nitratis). Турли ҳилдаги томомланишлари билан учрайдиган отлар (сўз туркуми), қаратқич келишик бирлик сонлигида ҳам “is” дифтонги билан оҳирланади (Sapo-Saponis, Solutio-Solutionis). Рецептларни ёзишда лотинча сўзларни турланишдаги келишик суфикслари жадвали билан фойдаланиш керак.

Дори шаклларини ёзиш тартиби

Суюқ дори шакллари

Эритмалар

Эритмалар (Solutio – бош келишик, бирлик сонда, Solutionis- қаратқич келишик, бирлик сонда) – эритувчида қаттиқ, суюқ ёки газли модданнинг тўлиқ эритилган холидаги – суюқ дори шакллари. Эритувчи сифатида сув, спирт, эфир, турли ҳил мойлар ишлатилиши мумкин. Агарда рецептда эритувчи кўрсатилмаса, унда тозаланган сув солинади. Эритмалар турли ҳил рангда бўлиши мумкин, лекин албатта тиниқ бўлиб, уларда осиғлиқ ҳолдаги заррачалар ва чўкма бўлмаслиги керак. Одатда сиртга ва ичиш учун эритмалар стерилланмайди, инъекция учун ишлатиладиган эритмалар эса албатта стерилланади.

Rp: Sol. Furacillini 1:5000 – 200 ml

D.S. Томоқни чайиш учун.

Rp: Mentholi 0,1

Olei Vaselini ad 10,0

M.D.S. 5 томчидан бурунга томизилсин.

Rp: Sol. Natrii bromidi 2% - 100 ml

Cofeini-natrii benzoatis 0,25

D.S. 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал.

Rp: Calsii chloridi 6,0

Glucosi 60,0

Natrii bromidi 3,0

M.D.S. 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал

Дамламалар

Дамламалар – бош келишик бирлик сонда Infusum, қаратқич келишик бирлик сонда Infusi. Қайнатма – бош келишик бирлик сонда Decoctum, қаратқич бирлик сонда Decocti). Доривор ўсимлик хом ашёси (барглар, гуллар, илдизлар ва б.) 1000С ҳароратдаги сув билан муайян вақт мобайнида ишланганида шифобахш ўсимликларнинг таъсир қилувчи моддалари балласт моддаларнинг озроқ аралашмаси билан бирга ажралиб чиқади. Ўсимлик хом ашёсидан сувда олинган шундай ажратмалар дамламалар ва қайнатмалар деб аталади.

Rp: Infusi herbae Thermopsidis 0,5 – 200 ml

D. S. 1 ош қошиқдан кунига 4 махал

Rp: Inf.flores Chamomillae 200ml

D.S. Чайиш учун.

Дамламалар қисқартирилиб ёзилади. Аввал дори шакли номи ёзилади кейин эса ўсимликни қисми ва унинг номи, хом ашё миқдори ва ажратманинг умумий миқдори кўрсатилади.

Қайнатмалар

Қайнатма (Decоctum) - доривор ўсимликларнинг турли қисмларидан олинадиган сувли ажратмалар; қайнатмаларни дамламаларга ўхшаш, доривор ўсимликлардан сув билан ажратиб олади. Қайнатмаларни тайёрланиши, ёзилиши ва ишлатилиши дамламаларга ўхшаб кетади, фарқи фақат шундаки қайнатмалар ўсимликларнинг қаттиқ қисмларидан (илдиз пояси, илдиз пўстлоғи)дан тайёрланади, қиздирилган инфундир аппаратга ёки сув ҳаммомларида 30 дақиқа мобайнида ушланади, тайёр қайнатма 10 дақиқадан сўнг сузилади ва совитилгандан кейин ишлатилади. Дамлама ва қайнатмаларни тайёрланиш жараёнида кўп сув йўқотилиши мумкин, шунинг учун тайёрланиши сув шимиш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда сув кўпроқ қўйилади. 30дақиқа қиздирилгандан кейин тузлар, танидлар, крахмал, шилимшиқлар, пектинлар ва бошқа қийин ажраладиган моддалар ажралади. Ўсимлик хом ашёсидан юқори бўлмаган фаоллиги билан қайнатмалар ва дамламаларни 1:10 нисбатда тайёрланади, бу дегани қайнатмани ёки дамламани 10 қисмига 1 қисм ўсимлик хом ашёси олинади. Рецептда ўсимлик хом ашёси миқдори ёзилмайди. Қайнатма одатда салқин жойда 3-4 кун сақланади.

Рецептлар намунаси

Rp: Decocti corticis Quercus 100ml

D.S. оғиз бўшлиғини чайиш учун.

Шилимшиқлар

Шилимшиқ (Mucilago) – крахмал ёки бошқа полисахаридларни сувда ҳосил қилган қуюқ коллоид эритмалари бўлиб ҳисобланади.

Ўсимлик хом ашёсидан шиллиқ моддаларни сувли ажратмалари кўринишидаги дори тури бўлиб (зиғир уруғидан, гулхайри илдизидан ва бошқалар ) сувда шира ёки иссиқ сувда крахмални ( Amylum) аралаштирилиб олинади. Бу моддалар сувда яхши эриб ёки шишиб қуюқ ва ёпишувчи суюқликларни ҳосил қилади.

Рецептлар намунаси

Rp: Mucilaginis semenis Lini 100 ml

Benzanaphtholi 0,5

M.D.S. 1 ош қошиқдан кунига 2 маҳал

Rp: Inf. Radicis Althaeae 100 ml

Natrii hydrocarbonatis

Natrii benzоatis aa 2,0

Elixiris Pectoralis 3 ml

Sirupi simplicis 10 ml

M.D.S. 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал

Микстуралар

Микстура (Miхtura) - суюқликларда дори воситаларини эриш ёки аралаштириш йўли билан олинадиган дори шакли ҳисобланади. Эритувчи сифатида сув, дамлама, қайнатма, тиндирма, шилимшиқ ва бошқалар олинади. Микстураларни таркибига ҳам қаттиқ , ҳам суюқ дори шакллари киради. Микстуралар тиниқ, хира ва чўкмалари бўлиши мумкин, шунинг учун хам қўллашдан олдин чайқатилади.

Микстурани рецептга ёзишда таркибига кирадиган барча ингридиентлар ва уларнинг дозаси ёзилади. Ички ва сиртқи ишлатилиши учун буюрилади.

Ичиш учун буюрилганда дори воситаларининг бир марталик дозаси ва ичиш сони эътиборга олинади. Сигнатурада қўлланиш тартиби кўрсатилади:

қошиқ (ош, чой), стакан ва ҳоказо.

Рецепт намунаси

Rp: Glucosi 10,0

Natrii bromidi

Kalii bromidi aa 2,0

Tinct. Valerianae

Tinct. Convaliaria aa 15 ml

Aq.Menthae 200ml

M.D.S. 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал.

Тиндирмалар(Tinctura)

Тиниқ бўялган суюқликлар бўлиб, доривор ўсимлик ва хайвон органлари хом ашёсидан спирт, эфир, сув, спирт-сув ва спирт-эфир ёрдамида ҳарорат таъсирисиз ажратилиб тайёрланади. Тиндирмалар официнал гален препаратлари ҳисобланади.

Улар асосан фармацевтик ишлаб чиқариш корхоналарида мацерация (ивитиб қўйиш), перколяция (сиқиб чиқариш) ёки тайёр экстрактларни эритиш усуллари билан олинади. Дамлама ва қайнатмалардан тиндирмалар узоқ вақт сақланиши билан фарқланиб туради.

Тиндирмаларга рецепт ёзилганда дори шакли, ўсимлик номи ва тиндирманинг умумий миқдори кўрсатилади. Бу спиртли тиндирма буюрилганида эмас, фақат эфир тиндирма буюрилган рецептида кўрсатилади.

Тиндирмалар ичиш учун ва сиртка ишлатилади. Дозировкаси сигнатурада кўрсатилади: томчи, қошиқ.

Рецептлар намунаси.

Rp: Tincturae Valerianae 25,0

D.S. 25 томчидан кунига 3 махал ичилсин

Rp: Tincturae Valerianae atthereae 30,0

D.S. 15 томчидан кунига 3 махал

Эмульсиялар

Эмульсиялар (Emulsum ) - кўриниши жиҳатидан сутсимон бўлиб иккита бир-бири билан аралашмайдиган суюқликлар (сув, бальзамлар) аралашмаси хисобланади. Бир бирида мутлақо эримайдиган дисперс фаза (ички) ва дисперсион муҳит (ташқи фаза)дан ташкил топган. Эмульсияда кўпроқ дисперсион муҳит сув бўлиб, дисперс фаза эса мой ва бошқа сув билан аралашмайдиган суюқликлар бўлади. Эмульсия мустаҳкам бўлиш учун эмульгатор қўшилади. (ОП -7, желатоза, тухумни оқи ва б.) дисперс фазани парчаланишини (диспергирлаш) ва стабилизацияни таъминлаш учун. Эмульсияни 2та ҳили мавжуд: ҳақиқий (уруғли) ва сохта ( мойли).

Ҳақиқий эмульсиялар ёғли ўсимликларнинг уруғидан эмульгатор қўшмасдан тайёрланади. Эмульгатор ўрнини меваларда (уруғида) жойлашган оқсил моддалар бажаради.

Сохта эмульсияларда 3 қисм мавжуд бўлади: дисперс фаза (мой), дисперсион муҳит (сув) ва эмульгатор.

Эмульсиялар ички ва сиртқи мақсадлар учун ишлатилади ва қисқартирилган ва очиқ шаклида ёзилади.

Рецепт намунаси

Rp: Emulsii semenis Cucurbitae 100,0

D.S. 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал.

Rp: Emulsii oleosi 200,0
Natrii bromidi 1,0
Coffeini natrii benzoatis 0,5
M.D.S. Ҳуқна учун.

Rp: Emulsii oleоsi 200,0

Natrii bromidi 3,0

Anaesthaesini 2,0

MDS. 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал.

Экстрактлар (Extractum)

Доривор ўсимлик хом ашёсидан олинган ва балласт моддалардан тозаланган концентрланган ажратмаларга эритувчи турига қараб дейилади. Сувли, спиртли ва эфирли экстрактлар бўлади.

Rp: Extracti Frangulae fluidi 25,0

D.S. 25 томчидан кунига 2 махал

Қаттиқ дори шакллари

Кукунлар

Кукунлар (Pulvis)

Pulverous – қуруқ дори шакли бўлиб, ичишга ва сиртга ишлатилади.

Қаттиқ дори воситалари ховончада майдалаш йўли орқали ёки махсус машиналарда тайёрланади. Майдаланган кукунлар элаклардан ўтказилади. Элаклар тешикчалари билан боғлиқ холда кукунлар йирик, майда, ўта майдалари бўлади. Майда ва ўта майда катта биологик фаоллиги, тез эриши, ўта гигроскопиклиги, тўқималарни кам зарарсизлантириши билан ажралади. Кукунлар қуйидагича бўлинади: оддий – битта моддадан иборат; мураккаб таркибида 2 ва ундан кўп моддалар; дозаланган яьни алоҳида дозаларга бўлинган, дозаланмаган яьни умумий оғирлиги билан берилади. Дозаланмаган кукунларни кўпинча сиртга ишлатилиш учун берилади.

Сиртга ишлатиладиган дозаланмаган кукунларнинг сигнатурасида қабул қилиш усули ва вақти кўрсатилади. Агарда ичишга ишлатилса ушбу кукунни дозалаш яьни меъёрларга бўлиш йўли ҳам кўрсатилади (қошиқ ёрдамида ёки стакан ёрдамида). Дозаланмаган кукунлар таркибига захарли ва кучли таьсирли қилувчи моддалар киритилмайди. Кукунларни қоғоз капсулаларга (ўрамларга) гигроскопик ва ёғли моддаларни эса мумланган қоғозга қадоқланади.

Таблеткалар-tabuletta – тайёр ҳолда ишлаб чиқариладиган дозаланган қаттиқ дори шакли бўлиб, ички ва сиртга қўлланилади.

Рецептлар

1-вариант

Дозаларга бўлинган кукунлар

Rp. Streptocidi 0,5

d.t.d.n.12

S.кунига 1 кукундан 3 маҳал

Rp. Magnesii peroxydi 0,25

S. кунига 1 кукундан 3 маҳал

Дозаларга бўлинмаган кукунлар

Rp. Natrii sulfatis 25,0

D.S. юмшатувчи

2-вариант

Rp.: Tabulettаe Furazolidoni 0,25

D.t.d. № 6

S. Кунига 1 тадан 3 маҳал

Rp.: Tabulettae Fhenacetini 0,15

cum Acidi acetylsaliciliсi 0,25

D.t.d. № 5

S. Кунига 1тадан 3 маҳал

Капсула- (қобиқ)-официнал дори шакли бўлиб, дори воситаларини ички учун тайинланади.

Rp: Vitamini E 200 mg

D.t.d. № 30 in capsulis

S. 1 кунда 1 маҳал ичиш учун

Суртмалар

Суртмалар (Unguеntum-бош келишиги,Unguenti- қараткич келишиги)

Суртмалар сиртга ишлатиладиган дори шакли билан консистенцияси бўйича юмшоқ шаклсиз яқин бўлиб, дори воситаларини асос моддалар билан аралаштириш йўли орқали тайёрланади. Асос сифатида кўпинча вазелин (Vaselinum) ланолин (lanolinum), вазелен мойи (Oleum Vaselini) тозаланган чўчқа ёғи (Adeps suillus depuratus) ҳамда камдан кам ёруғлик ва ҳаво шароитида ўз ҳусусиятларини ўзгартирмайдиган бошқа моддалар қўлланилади.

Cуртмалар бўлинмаган дори шаклларга кириб, бир неча марта ишлатишга етарли қилиб умумий миқдори ёзилади (одатда 3-5(10) кунга етадиган, кунига 1-3 марта ишлатиш ҳисобидан).

Суртмалар оддий ва мураккабларга бўлинади. Оддий суртмалар битта таьсир этувчи ва битта шакл берувчи воситасидан иборат бўлади. Мураккаб суртмалар 2-та дан ортиқ ингредиентлардан иборат. Оддий суртма ёйиқ ва қисқартирилган рецепт шаклда ёзилади.

Қисқартирилган шаклда Unguenti сўзидан бошлаб, кейин суртманинг (модда) номи концентрацияси % ёки оғирлик бирлигида кўрсатилади. Суртманинг ёйиқ шаклида барча ингредиентлар санаб ўтилади: таьсир этувчи модда, суртма асоси, уларнинг миқдори, рецептнинг охирида эса қандай қўллаш тайинланади: M.f. unguentum q.s. (аралаштир, суртма бўлиши учун.)

Rp: ung. Syntomycini 5%-30,0

D.S. сиртга ишлатиш учун

Линиментлар

Линиментлар (Linimentum –бош келишиги, Linimenti- қараткич келишиги). Суюқ суртмалар одатда сиртга қўллаш учун ишлатилади.

Ташқига ишлатиш учун ёрлиқли шиша идишда“Ишлатишдан аввал аралаштиринг” кўрсатмаси билан берилади.

Дори воситаларини тайинлаш талаблари

Даволаш-профилактика муассасаларида беморларга дори воситаларини тайинлаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ташхис ва даволаш стандартлари асосида бир марталик, кунлик ва курс дозаларини аниқлаш орқали касалликнинг тури, холати ва хусусиятига ҳамда беморнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда даволовчи шифокор томонидан амалга оширилади. Шунда беморга тайинланган дори воситалари (дори воситаларининг номи, бир кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги ва бошқалар) унинг тиббий ҳужжатлари (касаллик тарихи, амбулатория картаси, боланинг ривожланиш тарихи ва бошқалар)да қайд қилинади ва бевосита даволовчи шифокор томонидан имзоланади.

Тиббиёт амалиётида полипрагмазия холатларини камайтириш, хатоликни олдини олиш мақсадида қуйидаги ҳолларда беморга дори воситаларини тайинлаш даволаш- профилактика муассасасининг бўлим мудири ёки навбатчи шифокори ёхуд клиник фармаколог билан келишилиши лозим:

-беморга бир вақтнинг ўзида беш ва ундан ортиқ дори воситалари тайинланганда;

-асосий касалликнинг асоратлари ёки ҳамроҳ касалликлари мавжуд бўлганда.

Шунингдек, шифокорлар томонидан беморларда ножўя таъсири бўлмаслигини таъминлаш мақсадида Низомнинг 1-иловасига мувофиқ Дори воситаларининг хавфли комбинациялари рўйхатида кўрсатилган дори воситаларининг хавфли комбинациялари мавжуд бўлганда ҳам келишиш керак.

Ушбу ҳолларда тайинланган дори воситалари беморнинг тиббий ҳужжатларида қайд этилиши ва ушбу тиббий ҳужжатлар бевосита даволовчи шифокор ҳамда даволаш- профилактика муассасасининг бўлим мудири ёки навбатчи шифокори ёхуд клиник фармакологи томонидан ҳам имзоланиши лозим.

Вазирлар Махкамаси Қарорларида белгилангандек даволовчи шифокор даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда даволанаётган беморга ушбу муассасада мавжуд бўлмаган дори воситаларини тайинлаши мумкин.

Шуни таъкидлаш лозимки, даволаш-профилактика муассасасининг даволовчи шифокори томонидан дори воситалари рецепт асосида тайинланганда, рецептда шифокорнинг фармацевт ходимга дори воситасининг таркиби, шакли, уни тайёрлаш ва бериш ҳақидаги ёзма кўрсатмаси лотин тилида, дори воситаларини қўллаш усули эса ўзбек ёки рус тилида кўрсатилиши шарт.

Барча рецептларда, албатта - беморга унинг ёши, дори воситасининг савдо номи билан патентланмаган халқаро ёки кимёвий номи, мураккаб таркибли дори воситалари учун савдо номи, дори воситаси экстемпорал усулда тайёрланганида унинг таркибига кирувчи дори воситаларининг номлари, шунингдек уларнинг дозаси, даврийлиги, қабул қилиш вақти ва давомийлиги, озиқ-овқат билан ўзаро таъсирлашувчи дори воситалари (овқатдан олдин, овқатланиш вақтида, овқатдан кейин) кўрсатилган ҳолда Низомнинг 2-иловасида келтирилган шаклдаги рецепт бланкига мувофиқ берилади. Бунда рецептда тайинланган дори воситалари (дори воситаларининг номи, бир кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги ва бошқалар) рецептнинг йиртма корешогида ҳам бир-биридан фарқланмайдиган ҳолатда кўрсатилиши шарт.

Рецептни расмийлаштиришда Низомнинг 3-иловасида келтирилган Асосий рецептура қисқартмаларидан фойдаланиш мумкин. Лекин рецептда айнан қандай дори воситаси ёзилганлигини аниқлашда адаштирувчи ингредиентларнинг номига яқин қисқартмаларни ёзишга йўл қўйилмайди.

Барча даволаш-профилактика муассасасидаги даволовчи шифокорларга рецепт бланклари ушбу муассаса раҳбарининг буйруғи билан тайинланадиган жавобгар шахс томонидан, дам олиш ва байрам кунлари ҳамда тунги вақтларда эса даволаш-профилактика муассасасининг масъул навбатчи шифокори томонидан берилади.

Рецепт бланкларининг ҳисоби Низомнинг 4-иловасида келтирилган даволаш-профилактика муассасаларида рецепт бланкларини беришни қайд қилиш журналига мувофиқ юритилади. Бунда агар рецепт Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан берилса уларнинг юқори қисми чап бурчагида даволаш-профилактика муассасасининг номи ва манзили тегишли штамп қўйилган ҳолда кўрсатилиши, хусусий даволаш-профилактика муассасалари томонидан берилганда эса қўшимча равишда рецептнинг юқори қисми ўнг бурчагида ушбу муассасанинг фаолият кўрсатиши бўйича берилган лицензиянинг тартиб рақами, берилган санаси ва амал қилиш муддати ҳам кўрсатилади.

Умуман рецептда “Ичиш учун”, “Маълум”, “Қоида тариқасида” ва бошқа шу каби белгилардан фойдаланиш ман этилади. Шу билан бирга рецептда суюқ дорилар миқдори миллилитр ва томчиларда, қолган моддалар эса граммларда ёзилади.

Шифокорлар томонидан рецепт бланкида кўрсатилган катаклар аниқ ва тушунарли тарзда тўлдирилади, унда ўчириш ва тузатишларга йўл қўйилмаслиги лозим. Ҳамма рецептлар даволовчи шифокорнинг имзоси ва шахсий муҳри билан тасдиқланиши лозим. Бунда Низомда белгиланган ўлчамлари - даволовчи шифокор шахсий муҳрининг ташқи айлана диаметри 20 мм, кичик айлана диаметри 10 мм, айланалар орасидаги масофа 3 мм ва кичик айлана ичидаги чизиқ узунлиги 8 мм бўлиши ҳамда катта айлана ичида даволовчи шифокорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, кичик айлана ичидаги чизиқда “шифокор” сўзи ёзилади. Ёзувлар лотин алифбосида билан кўрсатилади.

Ёзилган рецепт уни берган даволовчи шифокорнинг имзоси билан тасдиқланган кундан бошлаб бир ой мобайнида ҳақиқий ҳисобланади. Баъзи холларда (сурункали кўз касаллиги) беморлар учун амбулатория шароитида тайёр дори воситаларига ва экстемпорал усулда тайёрланадиган дори воситаларига рецепт берилганда, даволовчи шифокор томонидан истисно тариқасида уни амал қилиш муддати бир йилгача белгиланишига рухсат этилади. Миқдорий буюм ҳисобида турувчи анаболик фаолликка эга бўлган ҳамда таркибида спирт сақловчи экстемпорал усулида тайёрланувчи дори воситалари бундан мустасно.

Касаллиги сурункали бўлган беморларга амал қилиш муддати бир йилгача бўлган рецептлар берилганда, даволовчи шифокор томонидан уни амал қилиш муддати ва дорихона муассасасидан дори воситаларини бериш даврийлиги (ҳар ҳафта, ҳар ой ва бошқалар) кўрсатилиши шарт.

Стационар даволаш-профилактика муассасасида даволанган беморга амбулатория шароитида даволанишни давом эттириш зарур бўлган ҳолларда рецепт амбулатория-поликлиника муассасасининг шифокори томонидан беморнинг тиббий ҳужжатларидан олинган кўчирмасидаги даволовчи шифокорнинг амбулатория шароитида дори воситасининг қўлланилиши хақидаги тавсиясига асосан берилади.

Беморларга наркоз воситаси сифатида ишлатиладиган дори воситаларига рецепт ёзиб бериш тақиқланади.

Баъзи холларда беморга бир вактда бир-бирига зид бўлган дори воситалар тайинланланиши олдини олиш мақсадида, Низомнинг 5-иловасига мувофиқ бир-бирига номутаносиб дори воситалари рўйхати кўрсатилган.

Даволаш-профилактика муассасаларида беморнинг дори воситаларини

қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиблари

Даволаш профилактика муассасаларида бемордан
дори воситаларини қабул қилиш тартиби.

Даволаш-профилактика муассасалари томонидан стационар шароитида даволанаётган бемор (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар)нинг дори воситалари Низомда кўрсатилган шартларга мувофиқ

(тўлдирилган корешоги мавжудлиги, ушбу дори воситалари рецептнинг йиртма корешогида кўрсатилган дори воситалари билан ўзаро мувофиқлиги, шу жумладан дори воситасининг кўрсатилган яроқлилик муддати, бирламчи ва иккиламчи ўрамнинг бутунлиги ва ташқи кўриниши текширилади ҳамда текшириш натижаларига кўра) қабул қилиниши мумкин.

Даволаш-профилактика муассасасининг даволовчи шифокори томонидан беморга берилган рецепт корешоги ва дори воситалари қабул қилиб олинаётганда ушбу дори воситаларини қўллаш мумкинлиги ҳақидаги хулосага келинса, текширилган дори воситаларининг қайд этиб ўтилган барча хусусиятлари беморнинг тиббий ҳужжатларида қайд этилади ва рецептнинг йиртма корешоги беморнинг тиббий ҳужжатига тикилади.

Бемор (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар) томонидан даволовчи шифоркорга дори воситалари билан биргаликда рецептнинг йиртма корешоги тақдим этилмаса ёки унда Низомда кўрсатилган маълумотлар қайд этилмаган бўлса, даволаш-профилактика муассасасининг даволовчи шифокори томонидан дори воситаларини қабул қилиш тақиқланади.

Баъзи холларда рецептнинг йиртма корешоги бемор (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар) томонидан йўқотиб қўйилган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, бемор дори воситалари олинган дорихона муассасасига мурожаат этиб, уларда сақланаётган рецептдан ўз ҳисобидан кўчирма нусхасини олишга ҳақли.

Бунда дори воситаларини берган дорихона муассасаси ўзида сақланаётган рецептнинг нусхасини ўз муҳри билан тасдиқлаб беради ва ушбу рецепт нусхаси рецептнинг йиртма корешоги кучига эга бўлади.

Даволаш-профилактика муассасаларида беморнинг

дори воситаларини сақлаш тартиби

Даволаш-профилактика муассасаларида амбулатор шароитида даволанаётган беморлар (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар) томонидан олиб келинган дори воситалари уларнинг ўзларида сақланади ва керак пайтда муолажа учун фойдаланилади.

Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитида даволанаётган беморлар (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар) томонидан олиб келинган ва алоҳида сақлаш шароитларини талаб этмайдиган дори воситалари улар жойлаштирилган хонада (тумбаларда), алоҳида сақлаш шароитларини талаб этадиган дори воситалари эса ушбу муассасанинг муолажа хонасида (музлатгичда) сақланади.

Даволаш-профилактика муассасаларида беморнинг

дори воситаларини қўллаш тартиби

Даволаш-профилактика муассасалари томонидан бевосита бемор (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар) томонидан олиб келинган дори воситалари белгиланган тартибда қабул қилиб олинганидан сўнг қўлланилади ( тиббиёт амалиётида қўлланилиши учун йўриқнома буйича).

Даволаш-профилактика муассасасида даволанувчи беморга дори воситалари даволовчи шифокор томонидан тайинланган усулда ҳар бир дори воситаси учун белгиланган тиббиёт амалиётида қўлланиш йўриқномасига асосан ушбу муассасанинг ҳамшираси томонидан қўлланилади.

Дорихона муассасалари томонидан аҳолига дори воситаларини

рецепт асосида бериш тартиби

Дорихона муассасаларидан дори воситалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги даволаш-профилактика муассасаларининг даволовчи шифокорлари томонидан ушбу Низомда белгиланган тартибда ёзилган рецептларга кўра берилади (шифокор рецептисиз сотиладиган дори воситалари бундан мустасно).

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2010 йил 13 январда 2062 – сон билан рўйхатдан ўтган, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009 йил 21 декабрь 371-сонли буйруғи билан тасдикланган «Шифокор рецептисиз сотиладиган дори воситаларининг руйхатини тасдиклаш тўғрисида” буйруқда 1230 турдаги савдо номлари билан дори воситалари кирган. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикасида руйхатдан ўтган ва дорихоналардан шифокор рецептисиз бериладиган дори воситаларининг худди шу таркибидаги таъсир қилувчи моддалари ва дори шаклига, дозасига эга бўлган дори воситалари ҳам киради.

Шифокор рецептисиз бериладиган дори воситаларининг барча инъекцион дори шакллари рецепт бўйича берилади. Дори воситаларининг ўрамлари, қўллаш бўйича йўриқномалари, илова-варақаларида бериш учун кўрсатилган тартибидан қатъий назар, дори воситаларини беришда ушбу руйхатга амал килиниши керак.

Бемор (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар) томонидан дорихона муассасаларидан қайта олинадиган дори воситалари учун янги рецепт тақдим этилиши шарт.

Дорихона муассасасидан бериладиган дори воситалари рецептда ёзилган дори воситаларининг миқдори ва дозасига мос келиши лозим.

Рецептда савдо номи билан тайинланган дори воситаси дорихонада мавжуд бўлмаган ҳолларда ушбу дори воситасининг халқаро патентланмаган номига асосан бошқа савдо номига эга бўлган дори воситасига синоними алмаштирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 6 августдаги 404-сон “Республикада дори-дармонлар ва тиббий буюмлар билан таъминлашни ва уларни тақсимлашни яхшилашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, дорихона муассасалари томонидан рецепт асосида дори воситалари берилганда рецепт ушбу муассасанинг фармацевт ходими томонидан олиб қолинади, экстемпорал усулда тайёрланиб берилган дори воситалари эса қўшимча равишда мазкур Низомнинг 6-иловасида келтирилган дорихона муассасасида рецептларни қайд этиш журналига киритилади.

Дорихона муассасасининг фармацевт ходими томонидан рецепт олиб қолинганда унинг йиртма корешогига берилган дори воситаларининг номи ва серия рақамлари киритилади ва унинг фамилияси, исми, отасининг исми ёзилиб, имзоси ҳамда дорихона муассасасининг тамғаси қўйилган ҳолда бемор (беморнинг қариндошлари ёки ишончли вакиллари)га даволовчи шифокорга тақдим қилиш учун берилади.

Дорихона муассасаси томонидан дори воситалари “стикер” ёки дори воситаси ҳақида тўлиқ маълумот (дорихона муассасасининг номи, дори воситасининг номи ва серия рақами)га эга бўлган товар чеки билан берилганда рецептнинг йиртма корешогини тўлдириш талаб этилмайди.

Дорихона муассасаси томонидан амал қилиш муддати бир йилгача бўлган рецептлар асосида дори воситалари берилганида, рецептнинг орқа қисмида дори воситасининг миқдори ва берилган санаси кўрсатилади, рецептнинг йиртма корешогида эса дори воситаларининг номи, серия рақамларини кўрсатган ҳолда дорихона муассасасининг тамғаси қўйилади ва бу ҳақда дорихона муассасалари учун рецептларни қайд этиш журналига қайд қилинади.

Бунда бемор (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар)нинг дорихона муассасасига навбатдаги мурожаатида олдинги олинган дори воситалари тўғрисидаги ёзувни эътиборга олган ҳолда навбатдаги дори воситаларини ўз муддатида берилишига алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Бир йилгача амал қиладиган рецептларнинг муддати тугаганида рецепт асосида охирги дори воситасини берган дорихона муассасаси томонидан “Рецепт ҳақиқий эмас” тамғаси босилади ва ушбу муассасада олиб қолинади. Бунда рецептнинг йиртма корешогига ушбу Низомда кўрсатилган маълумотлар киритилган ҳолда бемор (беморнинг қариндошлари ёки ишончли вакиллари)га даволовчи шифокорга тақдим қилиш учун қайтариб берилади.

Рецептда ушбу Низомга зид равишда расмийлаштирилган ёки бир-бирига номутаносиб дори воситалари кўрсатилган бўлса, дорихона муассасаси томонидан унга “Рецепт ҳақиқий эмас” тамғаси босилади ва бекор қилинади. Бунда бекор қилинган рецепт ҳақидаги маълумотлар ушбу Низомнинг 7-иловасида келтирилган Дорихона муассасасида нотўғри ёзиб берилган рецептларни ҳисобга олиш журналида қайд этилади ва рецептни берган даволаш-профилактика муассасасининг раҳбарига нотўғри ёзилган рецептлар тўғрисида хабар берилади.

Рецепт бланкларини сақлаш ва йўқ қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 6 августдаги 404-сон “Республикада дори-дармонлар ва тиббий буюмлар билан таъминлашни ва уларни тақсимлашни яхшилашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ амалга оширилади.




Последние события

Реклама

Реклама на сайте

Rambler's Top100         MedLinks - Вся медицина в Интернет                 Яндекс.Метрика
Сертифицированный партнёр 1с-Битрикс

Copyright © WWW.MED.UZ - Медицинский портал Узбекистана, 2005-2024 
Все права защищены. Вся информация, размещённая на данном веб-сайте, предназначена только для
персонального использования и не подлежит дальнейшему воспроизведению и/или распространению
в какой-либо форме, иначе как с письменного разрешения компании MedNetSoft

Контакты:
Tel.: +998 (71) 200-92-22
Fax.: +998 (71) 200-92-22
e-mail:
info@mednetsoft.uz