МЕДИЦИНСКИЙ ПОРТАЛ УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 3 апрелдаги “Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 61-сонли қарори

14.06.2011

ТИББИЙ ФАОЛИЯТНИ ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ТАРТИБИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Мазкур Қарорга ЎзР ВМ 26.11.2010 й. 270-сон Қарорига мувофиқ ўзгартиришлар киритилган

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2007 йил 2 октябрдаги ПҚ-700-сон қарорига мувофиқ ҳамда тиббий фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Қуйидагилар:

Тиббий фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

ЎзР ВМ 26.11.2010 й. 270-сон Қарорига мувофиқ учинчи хатбоши ўз кучини йўқотган

Хусусий тиббиёт муассасаларига лицензия бериладиган тиббий фаолият ихтисосликлари турларининг рўйхати 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Лицензиялаш ва нодавлат тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бошқармаси тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилаб қўйилсинки, тиббий фаолиятни амалга ошириш учун илгари берилган лицензиялар лицензиатлар ушбу қарорда белгиланган янги лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ бўлган тақдирда ушбу қарор чиққан кундан бошлаб 5 йил мобайнида амал қилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензиялар қатъий равишда ушбу қарорга мувофиқ берилишини таъминласин;

илгари берилган лицензия эгаларининг ушбу қарорда белгиланган лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини уч ой муддатда кўриб чиқсин ҳамда эгалари мазкур талаблар ва шартларга жавоб бермайдиган лицензияларнинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиш чора-тадбирларини кўрсин;

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Лицензиялаш ва нодавлат тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бошқармаси аппаратини ҳамда соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органларидаги тегишли бўлинмаларни юқори малакали ва тажрибали мутахассислар билан бутласин;

уч ой муддатда лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларининг, шу жумладан улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатига қўйиладиган талабларнинг бажарилиши тўғрисидаги ахборотларни ўз ичига оладиган марказлаштирилган маълумотлар базасини яратсин;

аҳолини оммавий ахборот воситалари, шу жумладан Интернет тармоғи орқали лицензия талаблари ва шартлари, шу жумладан кўрсатилаётган хизматлар сифатига қўйиладиган талаблар, шунингдек лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб қўйилган, тўхтатилган ёхуд лицензияси бекор қилинган лицензиатлар тўғрисида мунтазам равишда хабардор қилиб борсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев

Номер документа:  61
Дата принятия:  03.04.2008


Copyright © WWW.MED.UZ - Медицинский портал Узбекистана, 2005-2011 Все права защищены. Вся информация, размещённая на данном веб-сайте, предназначена только для персонального использования и не подлежит дальнейшему воспроизведению и/или распространению в какой-либо форме, иначе как с письменного разрешения компании MedNetSoft