o`zb   рус   eng
Медицинский портал Узбекистана
 Победитель интернет фестиваля национального домена 2013
Главная Поиск Обратная связь Карта сайта Версия для печати rss

Подписка на рассылку

Соғлом она – соғлом бола

10.06.2009

Соғлом никоҳлар учун қандай талаблар қўйилади?

Оила қуриш учун энг қулай давр қизлар учун 20-22 ёш, йигитлар учун 23-25 ёш. Аввало йигит ва қизларимиз турмуш қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари лозим. Улар ўзлари яшайдиган поликлиникалар, тиббиёт марказларидан маслаҳат олишлари ва бўлажак зурриётнинг саломатлиги ҳақида қайғуришлари керак. Бу ирсий касалликларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Ирсий касалликларини келтириб чиқарувчи омилларга яқин қариндош–уруғлар ўртасидаги никоҳлар киради. Бундай оилаларда кўпинча ақлий ва жисмоний нуқсонларга эга бўлган болалар туғилиши мумкин.

Шунингдек, спиртли ичимликлар истеъмол қиладиган, тамаки чекувчи ва гиёҳвандликка ружу қўйган оилаларда туғма нуқсонли ва ақли заиф фарзандлар дунёга келиши мумкин.

Ўсмирлар репродуктив саломатлиг

Репродуктив саломатлик ҳақидаги масалаларнинг кенг доираси тўғрисида ахборотларнинг мавжудлиги ёшларга ўз таналарини яхшироқ

англашга ёрдам беради, ўзаро алоқаларда тўғри йўл тутишга, бўлажак оилавий ҳаётга тайёрланишига, шунингдек, ўз туйғуларини аниқлашга ва ўз хатти-ҳаракатларини баҳолашга кўмаклашади.

Жинсий таълим қуйидаги асосий функцияларни ўз ичига олади, деб ҳисоблаймиз:

- Индивидумни (шахсни) жисмоний, физиологик ва руҳий ўзгаришларга тайёрлаш;

- қўрқув ҳиссини ва ўз танаси ҳақидаги нотўғри тасаввурларни енгмоқ;

- муносабатлар моҳиятини тушунишга, жинсий муносабатларга ишонч ва уларни баҳолашга ўрганиш;

- ўз-ўзига ижобий ҳурмат ҳиссини ривожлантириш;

- жинсий алоқаларнинг нохуш оқибатлари ва унинг олдини олиш тўғрисида маълумот;

- маъсулиятли ечимларни танлаш ва қабул қилишга ўргатиш;

- оналикка тайёргарлик.

Эътироф этиш керакки, баъзилар тана манзарасига илк бор дуч келганларида хижолат тортиш ёки киноя ҳиссини бошдан кечирадилар. Бу ўқувчилар ўз таналарини қандай идрок этишлари, турли маданият ва динларнинг яланғоч танага нисбатан бўлган муносабатлари қандай деган суҳбатларга сабабчи бўлади. Тана тузилишининг мутаносиб гўзаллигига қаратилганда, масалан, танадаги ёғлар тақсимоти, балоғат ёшидаги бўй ва гавда тузилиши. Жисмоний етилиш масалаларига эътибор қаратилиши ёшларни хижолат қилмаслиги лозим.

Қизлар тухумдонларида минглаб тухум ҳужайралар билан туғиладилар. Жинсий ривожланишда, одатда, ҳар ойда битта тухум ҳужайра ажралади. Бу овуляция деб аталади ва бу ҳодиса ҳайз бошланишидан тахминан14 кун олдин содир бўлади (агар ҳайз цикли 28 кун бўлса). Бачадон ҳар ойда бўлажак ҳомиладорликка тайёр туради, унинг ички девори қалин ва юмшоқ бўлиб қолади. Агар ҳомила пайдо бўлмаса, бачадоннинг ички қатлами ҳамда тухум ҳужайра танадан қин орқали чиқиб кетади. Мана шу ҳодиса ҳайз деб аталади. Ҳайз цикли ҳайзнинг биринчи кунидан бошланиб, навбатдаги ҳайз бошлангунча давом этади.

Ҳайз циклининг турли босқичларида гормонлар миқдори ўзгаради ва бу кайфиятингизга таъсир кўрсатиши мумкин. Овуляция (тухум ҳужайраларининг ажралиши) пайтида серғайрат ва қувноқ, ҳайз олдидан эса сержаҳл ва ғамгин бўлишигиз мумкин. Кўкракларингиз бир оз катталашиб, баъзида оғриқ сезасиз, юзингизда эса бироз доғ пайдо бўлиши мумкин. Айрим қизларда, айниқса, ҳайзнинг биринчи кунида, қориннинг пастки соҳасида кучли оғриқ сезилиши ёки бошқа муаммолар кузатилиши мумкин. Ҳаддан зиёд кучли оғриқ ёки 5 кундан ортиқ қон кетиши нормал ҳодиса ҳисобланмайди. Бундай ҳолларда шифокордан маслаҳат сўранг.

Эрта ёшда ҳомиладор бўлиш, туғиш жараёнида она ва боланинг соғлигига хавф солиши мумкин. Маълумки, 16-17 ёшгача қизлар тўлишиб, бўйлари ўсиб қолади, аммо бу ҳали уларни она бўлиш учун етилганликларини билдирмайди. Қизлар 16-17 ёшга тўлгани билан уларда, ҳомилани тараққий этиши ва бола туғиш учун нормал шароит вужудга келмаган бўлади. Тос суяклари ривожланмаганлиги сабабли, туғиш жараёнида жарроҳлик усулидан фойдаланишга тўғри келиши мумкин. Қизлар 20 ёшдан кейин жисмонан ва руҳан она бўлишга тайёр бўладилар. Эрта турмуш қуриш кўпинча фарзандсизликка, боланинг ой куни етмай чала туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Аёллар учун фарзанд кўришнинг энг қулай даври 20-30 ёш оралиғи ҳисобланади.

Ҳомиладорлик даври

Ҳомиладорлик даврида нималарга эътибор қаратиш лозим? Ҳомила пайдо бўлиши учун аёл тухумдонидан ажралган тухум ҳужайра эркак уруғдонидан ажралган уруғ билан қўшилиши керак. Тухумдондан ажралган тухум ҳужайралари эркак уруғи билан бачадон найчасида учрашиб уруғлангач, бачадонга йўл олади. Ҳомила тўққиз ой давомида бачадонда ривожланиб боради. Ана шу муддат муваффақиятли якунлангач чақалоқ туғилади.

Ҳомиладорлик даврида қандай ўзгаришлар содир бўлади? Ҳомиладорлик муддати тўққиз ой давом этади. Дастлабки уч ойда ҳомиланинг асосий аъзолари ва тизимлари шаклланади. Бу даврда ҳомиладорлик гормонлари ўз ишини бошлайди. Кўкрагингиз катталашиб, оғриққа сезувчан бўлиб қолиши мумкин. Унинг учи атрофидаги тери тўқ тусга киради. Бачадон ўсиб, сийдик пуфагини эзганлиги сабабли пешоб ажралиши тезлашиши мумкин. Кейинги уч ой давомида ҳомиланинг ҳаётий зарур тизимлари ривожланиб такомиллашади. Бешинчи ойга келиб ҳомиланинг қимирлашини ҳис қилиш мумкин. Охирги уч ойда ҳомила ўсиб, унинг вазни ошади. Бу даврда оёқда томир тортишиши, шишлар пайдо бўлиши, томирларнинг варикоз кенгайиши сизни безовта қилиши мумкин.Ўз ҳис-туйғуларингиз, фикрларингиз ва истакларингизни даволовчи шифокорингиз, оила аъзоларингиз, айниқса, турмуш ўртоғингиз билан баҳам кўришингизни маслаҳат берамиз. Туғруққа тайёргарлик машғулотларида қатнашиш жуда кўп янгиликлардан бохабар бўлишга ёрдам беради.

· Спиртли ичимликлардан умуман воз кечинг. Алкогол истеъмол қилиш боланинг ақлан заифлигига олиб келиши мумкин.

· Чекиш ҳомиланинг тушиши, муддатидан олдин туғиш, кам вазнли бола туғилишига олиб келиши мумкин.

· Шифокорлар маслаҳатисиз дори-дармонларни қабул қилманг. Улар бола ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳомиладорлик даврида тиббий кузатув олиб бориш. Тиббий кузатувлар Сиз ва бўлажак фарзандингизнинг ҳомиладорлик ва ундан кейинги даврда соғ-саломат бўлишларингизни таъминлайди. Қон текшируви шифокор маслаҳатига кўра қон гуруҳи, резус фактори, гемоглобин текширувлари учун керак бўлади. Сийдик таҳлили пешоб чиқариш йўлларидаги инфекция, кечки токсикоз ёки диабет аломатларини аниқлашга ёрдам бериши мумкин. Қин ва бачадон бўйнидаги ажралмалар текшируви инфекцияни аниқлашда жуда муҳим. Ультратовуш текшируви ҳомиланинг ўсиши ва ривожланиши ҳақида ахборот беради.

Ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида қуйидаги ўзгаришлар рўй берса дарҳол шифокорга мурожаат этиш лозим: сўлак оқиши, кўп қайтариладиган ўқчиш (қусиш), нафас олишнинг қийинлашуви, тери қопламининг сарғиш тусга кириши, терининг қичиши.

Ҳомиладорликнинг иккинчи ва учинчи уч ойликларида шифокорга мурожаат қилишга сабаб бўладиган ҳолатлар: ҳомила ҳаракатининг кўпайиши, камайиши ёки умуман тўхташи, оёқлар ёки бутун тананинг ортиқча шишиб кетиши, бошнинг тез-тез ва қаттиқ оғриши, ошқозон соҳасида оғриқлар, кўнгил айниши, қусиш кузатилиши, сийдик миқдорининг камайиши, меъёридан ортиқ ланжлик ёки уйқусизлик кузатилиши.

Ҳомиладорлик даврида озишга ҳаракат қилманг. Вазнингиз 11-15 кг гача ошиши табиийдир. Сиз ҳар куни ушбу гypyҳлapгa кирувчи озиқ-овқатларни истеъмол қилишингиз керак: гуруч, нон, дон ва макарон маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар, сут-қатиқ маҳсулотлари, пишлоқ, гўшт, балиқ, дуккакли маҳсулотлар, тухум, ёнғоқ ва ҳомиладор аёллар ва кўкрак билан эмизувчи аёллар учун мўлжалланган поливитамин комплекслар.

Ҳомиладорликнинг иккинчи уч ойлигида ҳомиладор аёлнинг вазни оғирлашуви ҳафтасига меъёрий 350 граммдан ошмаслиги керак. Ҳомиладорликнинг учинчи уч ойлигида вазн ошиши ҳафтасига меъёрий 350 граммдан ҳам зиёд бўлиши мумкин.

Ҳомиладорликнинг учинчи уч ойлигида истеъмол қилинадиган туз миқдорини чеклаш ва таркибида витаминлари бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш зарур.

Туғруқхонада ётишга керак бўладиган нарсаларни туғишга 3-4 ҳафта қолганда олдиндан тайёрлаб қўйиш мақсадга мувофиқдир. Қуйидаги нарсалар туғруқ комплексида Сизга керак бўлади: паспорт, атир совун ёки суюқ совун, қўл артиш учун қоғоз салфеткалар, тиш пастаси ва тароқ, чарм шиппак, пахта газламадан бўлган дуррача, гигиеник тагликлар. Шунингдек, туғруқ комплексига туғилажак фарзандингиз учун керакли кийим-кечаклар, тагликлар олиб боришингизга рухсат этилган.

Она сути моҳияти

Фарзанд ота-онанинг эзгу орзуси, қувончи, бахти. Ҳар бир она фарзандининг соғлом, зуваласи пишиқ бахтли–саодатли бўлиб ўсиб улғайиши учун қайғуради ва чақалоқ туғилмасидан туриб шунга тайёргарлик кўради. Маълумки она билан бола ўртасидаги ўзаро алоқа ҳомиладорликнинг дастлабки кунларидан бошланади. Буни тиббиётда “Она–йўлдош-ҳомила” мулоқот системаси шаклида тушунтирилади. Фарзанд дунёга келгач эса бу мулоқотлик “Она –кўкрак сути-бола” тариқасида давом этади.

Табобатнинг машҳур намоёндаси Абу Али Ибн Сино она сутининг қуёш нурларига қиёс қилган. Бежиз эмаски ер юзидаги барча тирик мавжудот билан ўсимликлар дунёси учун қуёш нури қанчалик зарур бўлса, ўсаётган бола учун она сути шунчалик зарур ҳисобланади.

Она сути болани соғлом ва бақувват ривожланиши учун энг муҳим озуқадир. Она сути таркибида бола ўсиши ва ривожланиши учун керакли барча озуқалар мукаммалдир, она сути суюқ, енгил ҳазм бўлувчи ва етарли калорияга эга бўлган, турли микроблардан ҳоли, пишириш ва иситиш талаб қилмайдиган тайёр озуқадир.

Она сутида 100 дан ортиқ керакли озиқ моддалар бўлиб, фақат миқдор жиҳатидан бола эҳтиёжини қопламай, сифат жиҳатидан ҳам боланинг ёшига, соғлиғига мос келади. Она сутида минерал моддалар ва витаминлар ўсаётган бола эҳтиёжига мос келади. Оғиз-сути бу янги туққан аёл кўкрагидан 1-1,5 кун ичида ажралиб чиқаётган сарғиш ширали чўзилувчан суюқлик бўлиб, бола учун ўта фойдалидир. Оғиз сути болани ичакларини тозалайди, инфекциядан сақлайди ва иммуноглобулинга бой бўлиб иммунитетини бақувватлаштиради. Оғиз сутини биринчи эмлаш деб ҳам аталади.

Она сути турли касалликларни чақирувчи вирус ва микробларга қарши курашувчи моддаларга бой бўлади. Яъни у болада иммунитет системасини шаклланишда қатнашади. Ундаги иммуноглобулинлар янги туғилган чақалоқни турли инфекциялардан ҳимоя қилади, онадан-болага иммунитет ўтишини таъминлайди. Чақалоқни кўкрак сути билан боқиш унинг руҳий ҳолатига яхши таъсир кўрсатади. Уларда харакатчанлик, сезувчанлик, сунъий боқилган болаларга қараганда барвақт бошланади. Кўкрак сути эмган бола тетик ва касалликка кам чалинадиган бўлади. У барвақт онани таний бошлайди, онага интилади, бу болада илк меҳр куртакларини уйғотади. Она ўз фарзандига табиатнинг мўжизаси - сут орқали бутун борлиғини берар экан, она саломатлигига ҳам ижобий таъсири бордир.

Бу эса унга жуда катта масъулият юклайди, ўз соғлиги устида қайғуришга мажбур этади. Она сутидаги гормонлар фақатгина сутни кўпайтирмасдан, онанинг физиологик жараёнларини нормал бўлишига жисмоний ва руҳан яхши ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Аёлларга хос қадди-қомат, латофат, гўзалликни сақлашда асосий омил ҳисобланади. Эмизикли оналарда модда алмашинуви анча жадал кечади, бу эса она иштахасини яхши бўлишига, кайфиятини кўтарилишига олиб келади, руҳий енгиллик сезади, оила аъзоларига нисбатан аҳиллиги ортади. Кўкрак сути билан боқиш бола соғлиғи ва унинг баркамол инсон бўлиб ўсиши учун зарурдир. Болангизни кўкрак сути билан эмизиш ҳаётининг дастлабки икки йилларида жуда муҳим.

Бола учун она сутидан фойдали ва яхшироқ озуқа йўқ. Боланинг соғлом, яхши ўсиши ва ривожланиши учун энг яхши шароит яратгани боис эмизиш ҳамма жойда муҳим аҳамият касб этади. Она сути ўз сифати билан болага бериладиган бошқа барча маҳсулотлардан устун туради. Унинг таркибида, гўёки ҳар бир чақалоқ учун махсус буюртма бўйича тайёрлангандек, озиқ моддалар ҳамда инфекцияга қарши омиллар ғоят оқилона нисбатда мавжуд. Эмизиб боқиладиган чақалоқ ўзи учун мос бўлган одомзодга маълум энг тўйимли, энг яхши ва энг мақбул озиқ билан овқатланади. Кўкрак билан эмизиш она билан бола ўртасида нозик узвий муносабатни шакллантиради, бундан фарзандингиз чуқур хиссий қониқиш олади.

Туғруқдан кейин она ва боланинг дарҳол яқин мулоқотда бўлиши ўзаро муносабатларни шакллантиради. Турли инфекцияларга қаршилик кўрсата олиш болага она сути орқали ўтади.

Она сутининг таркибий қисмлари: оғиз сути – бу туғруқдан кейинги бир неча кун давомида аёлнинг кўкракларида ишлаб чиқиладиган сутдир. У қуюқ сарғиш рангда бўлади. Етилган сут бир неча кундан кейин ҳосил бўлиб, сутнинг миқдори ошади, кўкрак тўлади, шишади ва оғирлашади. Олдинги сут – бу эмизишнинг бошида ажраладиган сут. Олдинги сут кечки сутга нисбатан кўкимтир, у кўп миқдорда ажралиб чиқади ва болани етарли миқдорда оқсил, лактоза ва бошқа компонентлар билан таъминлайди. Бола олдинги сутни кўп истъмол қилганлиги сабабли у ўзига керакли миқдордаги сувни қабул қилади. Орқа сут – бу эмизиш жараёнининг охирида ҳосил бўладиган сут. Кечки сутлар ранги бўйича эртанги сутга нисбатан оқишроқ, чунки унинг таркибида ёғлар кўп. Бу ёғ кўкрак билан эмизишда асосий қувват манбаи ҳисобланади. Шу сабабли бола эмаётганда кўкракдан жуда тез ажратмаслик муҳим. Она сути таркибида оқсиллар, ёғлар ва витаминларга бой. Болага ҳаётининг биринчи 6 ойлигида ҳатто иссиқ ҳаво ҳам қўшимча ичимлик керак эмас. Чунки у чанқоғини она сути билан қондириши мумкин. Айрим текширишлар шуни кўрсатадики, кўкрак билан эмизиш болани ақлий ривожланишига ижобий таъсир қилади.

Эмизишнинг муҳим жиҳатлари: болани тез-тез кундузи ва кечаси эмизиш керак, 8-12 марта кунига, бир кўкракдан 30 дақиқа эмизиб, бошқа кўкракка ўтинг, болани эмиш вақтини чеклаб қўйманг. Онага ҳайрихоҳлик билан муносабатда бўлиш орқали унда ўзига ишончни мустаҳкамлаш ва унинг эмизиш истагини рағбатлантириш керак. Бола нотўғри эмизилса, она ноқулай ушласа, кўкракни нотўғри берса, юпатувчи бирор бир восита, хусусан, сурғич, суюқликлар берилганда бола эмизиш қобиляти бузилади ва бола безовталаниб эммай қўяди.

Аёл ҳар куни оддий ювиниш, тоза қулай кийим кийиши керак. Эмизишдан олдин қўлингизни совунлаб ювиб, озгина сутини соғиб кўкрак учларига суртиш мақсадга мувофиқдир. Бола нотўғри эмизилса яъни кўкрак қорачиғини кўпроқ қисмини олмай, оғзини кичкина очиб, фақат кўркак сутини эмса, бола оч қолади ва кўкрак учи қийилади. Бола кеч эмизишга берилса, соатга қараб ўлчаб эмизилганда сут ажралиб чиқиши ёмонлашади ва сутни туриб қолиши натижасида сут безлари шишиб оғриқ пайдо бўлади.

Чақалоқни имкон қадар бўш йўргаклаш фойдалидир. Қаттиқ йўргакланган болалар бўйни қийшайиб яхши эма олмайди. Кўкрак билан эмизиш она билан бола ўртасида нозик, узвий муносабатни шакллантиради, бундан она ва бола чуқур ҳиссий қониқиш олади.




Последние события

Реклама

Реклама на сайте

Rambler's Top100         MedLinks - Вся медицина в Интернет                 Яндекс.Метрика
Сертифицированный партнёр 1с-Битрикс

Copyright © WWW.MED.UZ - Медицинский портал Узбекистана, 2005-2024 
Все права защищены. Вся информация, размещённая на данном веб-сайте, предназначена только для
персонального использования и не подлежит дальнейшему воспроизведению и/или распространению
в какой-либо форме, иначе как с письменного разрешения компании MedNetSoft

Контакты:
Tel.: +998 (71) 200-92-22
Fax.: +998 (71) 200-92-22
e-mail:
info@mednetsoft.uz