o`zb   рус   eng
Медицинский портал Узбекистана
 Победитель интернет фестиваля национального домена 2013
Главная Поиск Обратная связь Карта сайта Версия для печати rss

Подписка на рассылку

Соғлом она – соғлом бола

10.06.2009

Йод танкислик касалликларни профилактикаси

Бутун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, йод танқислиги натижасида юзага келадиган касалликлар, энг кўп учрайдиган касалликлар қаторига киради. Бизнинг мамлакатимизда йод танқислиги кузатилмайдиган ҳудудлар деярли қолмади. 60 фоизга яқин аҳоли йод танқислигидан азият чекмоқда, 70 фоизга яқин болалар ўзларида йод танқислигини ҳис этмоқдалар.

Йод - инсон саломатлиги учун сув ва ҳаводек зарур микроэлемент ҳисобланади. У қалқонсимон без томонидан ишлаб чиқариладиган гармонларнинг асосини ташкил этади. Бу гормонлар организмнинг ўсиши, ривожланиши ҳамда танадаги барча аъзоларнинг фаолиятлари учун муҳимдир.

Йод танада ҳосил бўлмайди. У асосан озиқ-овқат маҳсулотлари орқали қабул қилинади. Лекин бизнинг тупроқ ва сувимизда, унда етиштирилаётган мева-сабзавот, дон ва гўшт маҳсулотларида йод миқдори жуда кам бўлиб, инсоннинг кундалик эҳтиёжини қондира олмайди. Уни етарли миқдорда қабул қилинмаслиги оқибатида йод танқислиги ҳолатлари юзага келади. Йод танқислиги қайси ёшда кузатилган бўлса, ўша ёшдаги ўсиш ва ривожланиш жараёнига ўз таъсирини кўрсатади. Шунинг учун одамнинг ёши қанча кичик бўлса, йод танқислиги шунчалик катта хавф солади. Одам учун йоднинг учта манбаи мавжуд: ер, ҳаво ва сув. Табиатда йод жуда ҳам нотекис тарқалган.

Одамга йод жуда кам миқдорда зарур. Кунига атиги 100-200 мкг. (1мкг бу граммнинг миллиондан бир улуши). Бироқ бу ҳаёт фаолияти учун сув ва ҳаводек зарур элементдир. Бутун ҳаёт давомида одам атиги 3-5 грамм йод қабул қилади.

Болаларнинг соғлом ривожланиши ва катталарнинг фаолияти учун олимлар томонидан йоднинг истеъмол қилиш меъёри қуйидагича:

120 мкг- 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган ўқувчилар учун;

150 мкг- 12 ёшдан катталар учун;

200 мкг- ҳомиладор ва эмизикли аёллар учун.

Ўсиш ва ривожланиш ҳисобига ҳомиладор аёл, бола ва ўсмирларда, йодга бўлган эҳтиёж бошқаларга нисбатан анча юқори бўлади. Айнан уларга йод танқислиги ҳолатлари кўпроқ кузатилиши ва турли хил асоратлар қолдириши билан хавфлидир.

Йод танқислиги касалликлари ҳамма учун маълум бўлган буқоқдан тортиб, жисмоний ва ақлий ривожланишлардан орқада қолиш ва репродуктив

саломатликнинг бузилишигача бўлган кенг қамровли касалликларни ўз ичига олади. Ҳомиладор аёлларда йод танқислиги ҳомиланинг тушишига, болани ўлик ҳамда ақлан заиф ва бошқа нуқсонлар билан туғилишига олиб келади. Йод танқислиги мавжуд оналардан туғилган болаларда ақлий ва жисмоний ривожланишдан орқада қолиш ҳолатлари, қалқонсимон безнинг туғма етишмовчиликлари ва кретенизм касаллиги кузатилиши мумкин.

Кретинизм – йоднинг жуда оғир даражадаги сурункали етишмовчилиги билан боғлиқ бўлган туғма касаллик бўлиб, у паканалик, ғилайлик, карлик каби жисмоний нуқсонлар ва ақлий етишмовчилик билан намоён бўлади. Йод тақислиги ёш болаларда руҳий ва жисмоний ривожланишдан орқада қолиш, ўсишнинг секинлашиши, турли касалликларга мойиллик, ҳаракатнинг бузилиши, атрофга нисбатан лоқайдлик, инжиқлик, жаҳлдорлик, йиғлоқилик, йиғлаганда паст ва дағал товуш чиқариш, кўкрак сўриш жараёнининг сустлиги, юрак ҳасталиги, тана суякларининг мўртланиш ҳолатлари билан намоён бўлади. Йод танқислиги кузатилаётган болаларда, руҳий ва жисмоний ривожланишнинг ортда қолиши, бўйнинг секин ўсиши, маълумотлар қабул қилишнинг қийинлашиши, хотира ва фикрлаш жараёнининг ёмонлашиши билан намоён бўлади. Бундай бола ва ўсмирларнинг умумий англаш фаолияти, дарсларни ўзлаштиришга бўлган қарашлари ва интилишлари сусаяди.

Шу тарзда йод танқислиги ўсмирларда касб эгаллаш лаёқатига кучли салбий таъсир кўрсатади. Йод танқислиги оқибатида жинсий ривожланиш ҳам сусаяди. Йод танқислигини ўз вақтида олди олинмаса, кейинчалик фарзандлик бўлишда муаммолар келтириб чиқариш мумкин. Жиддий асоратларга олиб келувчи йод танқислиги ҳолатларининг олдини олиш мумкин. Бунинг учун, мунтазам йодланган ош тузини истеъмол қилиш зарур. Туз – бу доимий ва оммавий истеъмол қилинадиган маҳсулотдир. Йодни тузга қўшганда тузнинг мазаси, ранги, ҳиди ўзгармайди. Тиббий олимларнинг хулосаларига кўра бир сутка давомида 5 гр (бир чой қошиқ) туз, (бунга тайёр маҳсулотлар, нон, колбаса ва бошқа маҳсулотлардаги туз миқдори ҳам кириб кетади) катта ёшдаги одам учун етарлидир. Йодланган ош тузи кўп ҳолларда 1кг целлофан пакетларга қадоқланган ҳолда сотилади. Ҳарид қилинаётганда унинг чиқарилиш ва сақланиш муддатига аҳамият бериш лозим. Йод учувчи хусусиятга эга. Йодланган ош тузини йоди учиб кетмаслиги учун уни усти ёпиқ идишларда, иссиқлик манбаларидан узоқроқ жойда жойлаш лозим.

Сил касаллиги

Сил юқумли касаллик бўлиб, уни кўзга кўринмайдиган майда бактериялар - сил таёқчалари юзага келтиради. Кўп холларда сил таёқчалари ўпкани зарарлайди. Баъзи ҳолларда мия ва мия қобиғи, суяклар, бўғинлар, буйраклар, жинсий аъзолар, кўз, ичак ва бошқа аъзолар сили ҳам учраши мумкин.

ЖССТининг берган маълумотларига қараганда ҳар сонияда 1 одам сил билан зарарланади, ҳар 4 сонияда бир одам сил билан касалланади, ҳар 10 сонияда 1 одам сил касаллигидан ҳаётдан кўз юмади.

Давлатимиз томонидан сил касаллиги ва унинг тарқалишини олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Сил касаллигини тарқалишини олдини олиш ва камайтириш, эпидемиология вазиятларини яхшилаш мақсадида Ўзбекистонда 2001 йилда «Аҳолини силдан ҳимоя қилиш буйича» қонуни қабул қилинган.

2003 йилда Давлатнинг 2003-2008 йилга мўлжалланган стратегик Дастури тасдиқланган. ЎзССВ томонидан «Республикада силга қарши тадбирларни такомиллаштириш» буйича №160 сонли буйруғи чиқарилган.

Ҳозирги кунда фтизиатрия муасасалари жойлардаги бирламчи тиббий муассасалар билан ҳамкорликда фаолият олиб боради. Ҳар бир поликлиникада махсус хоналар ажратилган. Поликлиникага мурожаат этаётганларда сил касаллигига гумон бўлса, керакли анализларни топшириш имконияти бор - балғам сил таёкчаларига текшириш учун топширилади.

Агар ташҳис тасдиқланса, бемор туман силга қарши кураш диспансерига юборилади. У ерда бемор текширилиб, зарур даволаниш чоралари аниқланади. Бемор ихтисослаштирилган шифохонада 2-4 ой давомида даволанади. Кейин эса яшаш жойига қарашли поликлиникаларнинг ДОТС хоналарида тиббий ходим назоратида дори олиш ва ичишни давом эттиради.

Ер шарида 6,5 млрд. аҳоли яшаса, шундан 2 млрди, яъни 3 дан 1 қисми сил таёкчалари - Кох бацилласи билан зарарланган бўлиши мумкин.

Сил таёкчаси билан зарарланганларнинг барчасида ҳам касаллик ривожланавермайди. Зарарланганларнинг ҳар 10 тасидан 1 тасида касалликнинг фаол тури ривожланиши мумкин. Иммунитети пасайган одамларда касалликнинг ривожланиш хавфи юзага келади.

Қуйидаги ҳолатлар:

- ОИВ \ОИТСни юқтириш;

- Гиёҳвандлик;

- Кашандалик;

- Спиртли ичимликларга ружу қўйиш;

- Қандли диабет

- Чарчаш ва очлик инсоннинг касалликка қарши курашувчанлиги ҳусусиятларини сусайтиради ҳамда сил касаллигини ривожланишига замин яратади.

Айниқса Одам иммунитет танқислиги вируси (ОИВ), одам организмининг ҳимоя воситаси ҳисобланадиган иммунитет тизимини чуқур жароҳатлайди. Қонда касаллик қўзғатувчи микробларга қарши курашувчи ҳужайра - лимфоцитлар мавжуд. Одам Иммунитет танқислиги вируси айнан шу хужайраларни емиради. Натижада одамни турли хил юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларга, жумладан сил касаллигига мойиллигини оширади. ОИВ\ОИТСга чалинганларда сил касаллигининг юзага келиш ва ривожланиш эҳтимоли юқори бўлади.

Касаллик қандай юқади?

Сил таёқчалари кўп ҳолларда организмга нафас йўли орқали ўтади ва ўпка тўқималарида ривожланади ва кўпаяди. Ўпка тўқимасида бўшлиқ (каверна)лар ҳосил бўлади. Бу бўшлиқларда миллионлаб сил микроблари бўлади. Микроблар бемор йўталганда, аксирганда, қаттиқ гаплашганда, тупурганда балғам зарралари билан атрофга отилиб чиқади ва сачрайди. Бу кўзга кўринмас балғам зарраларида минглаб сил таёқчалари бўлади. Сил бактериялари ҳавода бир неча соатгача сақланиши мумкин, айниқса хона ҳавосида узоқ вақт сақланиб қолади. Ўпка сили билан касалланган бемор хонада узоқ вақт қолса, ҳавода бактерияларнинг сони кўпайиб, бошқа кишиларнинг нафас йўлларига ўтади. Бу силни юқтиришнинг асосий йўли бўлиб, ҳаво-томчи усули деб юритилади. Бемор дуч келган жойга балғам ташласа, вақт ўтиб қуриб, сил таёқчалари ҳавога чанг билан кўтарилади ва нафас йўллари орқали соғлом кишиларга ўтади. Демак ҳеч ким сил таёқчаларнинг юқишидан ҳимояланган эмас, чунки ҳаво ҳамма учун умумийдир.

Сил маккор касаллик. Силнинг маккорлиги шундаки, у кўп ҳолларда грипп ёки нафас йўлларининг шамоллаши ниқоби остида кечади. Нафас йўлларини шамоллашида ишлатиладиган дорилар эса сил таёқчаларини ўлдиролмайди. Оқибатда одам касалликни ўтказиб юборади. Агар бемор вақтида даволанмаса, йўтал кучайиб, балғам ажаралиб чиқади, баъзан қон тупуради.

Касалликнинг дастлабки белгилари: йўтал 2 ҳавфтадан ортиқ давом этиши, ҳарорат кўтарилиши, дармон қуриши, тез чарчаш, озиб кетиш, иштаҳа бўлмаслиги ва кўкрак кафасда оғриқ пайдо бўлиши

Бу ҳолатларда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур.

Шифокорга қанчалик эрта мурожаат қилинса, даволаниш шунчалик самарали бўлади. Сил билан оғриётган беморлар тавсия этилган дориларни ўз вақтида қабул қилишлари ҳамда даволаш курсларини тўхтатмасликлари лозим.

Эсингизда тутинг! Сил узоқ давом этадиган касаллик. Уни даволаш 6-8 ой муддатни талаб этади. Бу муддат давомида шифокор тавсия этган дориларни қабул қилишда танаффусга мутлақо йўл қўймаслик керак. Агар бемор даволаниш давомида ўзини яхши ҳис этиб, дорилар ичишни тўхтатиб қўйса ёки вақтида ичмаса, сил таёқчалари дориларга нисбатан чидамлийликни шакллантиради, оқибатда сил таёқчасининг бу дорига чидамли бўлган бошқа кучлироқ турлари пайдо бўлади. Силнинг бу турларига қарши курашиш анча қийин кечади, даволаниш узоққа чўзилади. Агар бемор даволанмаса, касаллик ўлимга олиб келади.




Последние события

Реклама

Реклама на сайте

Rambler's Top100         MedLinks - Вся медицина в Интернет                 Яндекс.Метрика
Сертифицированный партнёр 1с-Битрикс

Copyright © WWW.MED.UZ - Медицинский портал Узбекистана, 2005-2024 
Все права защищены. Вся информация, размещённая на данном веб-сайте, предназначена только для
персонального использования и не подлежит дальнейшему воспроизведению и/или распространению
в какой-либо форме, иначе как с письменного разрешения компании MedNetSoft

Контакты:
Tel.: +998 (71) 200-92-22
Fax.: +998 (71) 200-92-22
e-mail:
info@mednetsoft.uz