18.06.2015

Бу йилги халқаро донорлар куни «Менинг ҳаётимни сақлаб қолганингизучун раҳмат!» шиори остида ўтмоқда.

Маълумки, тадбирнинг дунё миқёсидаги ташкилотчиси Хитойнинг Шанҳай шаҳридир. Нима сабабдан 14-июнда-халқаро донорлар куни нишонланади. Чунки, Австриялик врач ва иммунолог, АВО қон гуруҳи топганлиги учун  Нобел мукофотига сазовор бўлган Карл Ландштейнер 1930 йил 14 июнда таваллуд топган.

Қалбида эзгулик билан яшайдиган инсон доимо яхшиликлар қилишга интилиб яшайди. Айниқса, қилаётган бу хайрли амалларимиз кимнингдир соғлиғини сақлашга, ҳаётини узайтиришга кўмак берса-чи? Ўйлаймизки, ҳар бир инсон учун бундан ортиқ бахт топилмаса керак. Донорларни ана шундай беғараз ёрдам кўрсатувчи, эзгу ниятли инсонлар дейиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда беғараз донорлик ва уни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йиллар давомида «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ этилаётир.

Бинобарин, меҳнат жамоалари, олий ўқув юртларида қон ва қон маҳсулотларининг қандай хасталикларда қўлланилиши, донорликнинг организм учун фойдали жиҳатлари, ўз навбатида донорнинг саломатлиги билан боғлиқ маълумотлар билан таништирилмоқда.

Маълумки, қон унинг компонентлари ва препаратлар (плазма, эритроцитлар, тромбоцитлар, алpбумин ва иммуноглобулинлар) инсон ҳаёти хавф остида қолганда қуйилади. Шунингдек, қон хизмати касалликларида (оғир даражали кам  қонликларда, лейкоз, яъни гемофилия касаллиги, коагулопатиялар), саратон касалликларида, паталогияли оғир кечадиган туғруқларда, операция-ларда, оғир даражали куйишларда ва турли хил фавқулотдаги ҳолатларда зарур бўлади. Бундай ҳолатда керакли миқдордаги қонни топиш учун соғлом инсонларни доимий, беғараз қон донорлигига жалб этиш лозим.

Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, ҳар бир мамлакатнинг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун ҳар минг аҳолининг камида 40 нафари донор бўлиши талаб этилади. Ана шундан келиб чиқиб, юртимизда аҳолини донорликка жалб этиш борасида зарур тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Биламизки, қон беғараз, ўз ҳоҳиш иродаси билан келган донордангина олинади. Бундай саховат пеша кишилар ўзининг саломатлиги ҳамда турмуш тарзи ҳақида аниқ маълумот бера олади.

Бу эса қоннинг хавфсизлигини таъминлашда ғоятда муҳимдир. Негаки, донор бўлишга аҳд қилган инсон масъулиятни ўз зиммасига олади.

Маълумки, донорлар 18 дан 60 ёшгача бўлган, соғлом инсонлар бўлиб, улар қон қуйиш марказида тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан донорлик қилиши мумкин. Соғлом киши учун қон топшириш, албатта хавфсиз ҳисобланади. Чунки, одам организмида 4,5 литр қон бўлиб, ундан 200 ёки 400 мл қон олинади ва организм 36 соат ичида топширилган қон миқдорини тиклаб олиш хусусиятига эга. Асосийси, артериал гипертония хасталигининг олдини олиш ва бартараф этиш, моддалар алмашинувини яхшилаш, шунинг-дек, иммун тизимини мустаҳкамлашда қон топширишнинг аҳамияти беқиёсдир.

Эътиборлиси, мамлакатимизда «Қон ва унинг таркибий қисм-лари донорлиги тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ ушбу йўналишда бир қатор хайрли юмушлар амалга оширилмоқда. Донорлар билан ишловчи тиббий муассасалар фаолиятини янада такомиллаштирш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавф-сизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ этилаётганлиги бунинг ёрқин тасдиғидир.

2008 йилда ҳукуматимиз томонидан «Ўзбекистон Республикасида беғараз донорликни ривожлантириш дастури» қабул қилинди. Айни пайтда мазкур ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ кенг жамоатчилик орасида тиббий тарғибот тадбирларини кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилиб, маҳаллалар, олий ўқув юртлари, корхона ва ташкилотларда беғараз донорликнинг мазмун — моҳиятига доир тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида тизим муассасалари фаолияти такомиллаштирилиб, энг замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Айни пайтда Фарғона шаҳридаги қон қуйиш станцияси фаолияти жаҳон андозаларига мос равишда йўлга қўйилган. Бу эса бир қатор қулайликларни келтириб чиқараётир ва вилоятимиз шифохоналарида даволанаётган беморларни қонга бўлган эҳтиёжини таъминламоқда.

А. Мустаев, вилоят қон қуйиш станцияси бош врачи