АЛОҚА УЧУН ТЕЛЕФОНЛАР: +998 (71) 239-47-21; 244-16-03; 278-40-51; 278-46-52
ru en uz

Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари куни нишонланмоқда

07.11.2015

2015 йилнинг 7 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида байрам тадбири ўтказилди.

Президент Ислом Каримов ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ҳар йили ноябр ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда тиббиёт ходимларининг касб байрами сифатида кенг нишонланади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирга давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, шифокорлар, ОАВ ходимлари таклиф этилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов ва бошқалар соғлиқни сақлаш соҳасида ўтказилаётган туб ислоҳотлар тиббий хизмат сифати ва самарадорлигининг ошиши, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, халқимиз саломатлиги ва фаровонлигини таъминлашда юқори натижалар бераётганлигини алоҳида қайд этишди.

Инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказиш ва халқ саломатлигини мустаҳкамлашда асосий эътибор соғлиқни сақлаш соҳасининг ҳуқуқий ва институционал базасини мустаҳкамлаш, тиббиёт муассасаларини модернизациялаш, жаҳон тиббиётининг илғор технологияларини соғлиқни сақлаш соҳасининг барча йўналишларига изчил татбиқ этишга қаратилаётир.

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида эришилаётган юксак натижалар халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофазалашга оид миллий модели кўплаб тараққий этган мамлакатларга намуна сифатида тавсия этилгани бунга ёрқин мисолдир.

Соҳада орттирилган илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида “Энг намунали қишлоқ врачлик пункти”, “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича энг яхши даволаш-профилактика муассасаси тиббиёт ходими”, "Энг яхши умумий амалиёт шифокори", “Энг яхши патронаж ҳамшира” ва “Энг яхши санитария-эпидемиология назорати маркази ходими” каби номинациялар бўйича анъанавий танлов ўтказилиб келинмоқда.

Жорий йилги “Энг намунали қишлоқ врачлик пункти” номинацияси бўйича биринчи ўринни Наманган вилояти Уйчи тумани “Хизиробод” қишлоқ врачлик пункти эгаллади. Тошкент шаҳар Шайҳонтоҳур тумани 4-шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси шифокори Дилдора Аҳмаджонова “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича энг яхши даволаш-профилактика муассасаси тиббиёт ходими” деб топилди. Хоразм вилояти Хива тумани “Огаҳий” қишлоқ врачлик пункти умумий амалиёт шифокори Феруза Юсупова "Энг яхши умумий амалиёт шифокори" номинацияси бўйича, Бухоро туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси патронаж ҳамшираси Шаҳноза Сатторова “Энг яхши патронаж ҳамшира” номинацияси бўйича ғолиб бўлди. РДСЭНМ заҳарли химикатлар гигиенаси ва токсикология бўлими мудири Абдуҳаким Ҳалилович “Энг яхши санитария-эпидемиология назорати маркази ходими” дея топилди. Танловнинг ғолиб ва совриндорларига қимматбаҳо совғалар топширилди.

– Камтарона меҳнатим шундай юқори баҳоланганидан жуда хурсандман. Мамлакатимиз аҳолиси саломатлигини муҳофазалаш йўлидаги меҳнатларим бугун ўз мевасини бераётганини кўриш менга мамнуният бағишламоқда, – дейди Тошкент шаҳар Шайҳонтоҳур тумани 4-шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси шифокори Дилдора Аҳмаджонова. – Шифохонамизда оналик ва болаликни муҳофазалаш, тиббий хизмат сифатини такомиллаштириш, даволаш ва ташхис хизматини кўрсатишда замонавий технологиялардан оқилона фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда.

– Янги тиббий технологиялар билан жиҳозланган шифо масканимизда тиббий-профилактика ишларини юқори савияда ташкил этиш учун барча шароит яратилган, – дейди Бухоро туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси патронаж ҳамшираси Шаҳноза Сатторова. – Шифокорлар ва патронаж ҳамшираларимиз ҳудуддаги ҳар бир хонадонда бўлиб, касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи бўйича тарғибот-тушунтириш ишларини мунтазам олиб бораётир.

 Байрам тадбири давомида таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочиларнинг концерти намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова иштирок этди.

UzMedInfo маркази 

Aхборот хизмати


Back to the list

Вакцинация пунктлари

Тошкент

Боғланиш

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги
Манзил: Тошкент ш., А.Навоий кўч., 12.
Тел: +998-71-241-1691
Факс: +998-71-244-1033
e-mail: info@minzdrav.uz
www: minzdrav.uz