o`zb   рус   eng
Медицинский портал Узбекистана
 Победитель интернет фестиваля национального домена 2013
Главная Поиск Обратная связь Карта сайта Версия для печати rss

Подписка на рассылку

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2010 йил 27 февралдаги 56-сон буйруғига. Илова

17.04.2010

збекистон Республикаси соғлиқни сақлаш муассасаларида туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисида

ЙЎРИҚНОМА

Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сонга илова) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш муассасаларида туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни бериш тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотномаларни бериш тиббий муассасалар томонидан, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни бериш эса тиббий муассасалар ва суд-тиббий экспертиза бюролари томонидан амалга оширилади.

2. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномалар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига (бундан кейинги ўринларда ФҲДЁ органи деб юритилади) тақдим этилади.

3. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномалар икки қисмдан, яъни тиббий муассаса ёки суд-тиббий экспертиза бюросида қоладиган ва ФҲДЁ органига юбориладиган қисмлардан иборат бўлади. Улар тартиб рақами қўйилган, варақлар сони кўрсатилган, ип ўтказиб тикилган ва тиббий муассаса ёки суд-тиббий экспертиза бюроси раҳбари томонидан имзоланиб, гербли муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак.

4. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларнинг ФҲДЁ органига юбориладиган қисмидаги маълумотлар унинг тиббий муассаса ва суд-тиббий экспертиза бюросида қоладиган қисмидаги маълумотлардан фарқ қилмаслиги шарт.

5. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномалар шарикли ручкада аниқ ва тушунарли, янглишсиз тўлдирилиши керак. Улардаги сўзларни ва рақамларни бўяш, ўчириш ва тузатишга йўл қўйилмайди.

6. Нотўғри тўлдирилган туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларнинг олд қисми диагонал чизиқ билан чизилиб, юқори қисмига “бузилган” белгиси қўйилади ва кейинги тартиб рақами бўйича тегишинча туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома тўлдирилади.

7. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотноманинг тиббий муассасада, шунингдек, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларнинг тиббий муассасада ва суд-тиббий экспертиза бюросида қоладиган қисми бўйича ҳисобот ушбу муассасалар раҳбари томонидан тайинланган жавобгар шахс томонидан юритилади.

8. Тиббий ҳужжатларга асосланмаган ҳолда туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни сиртдан тўлдирилиши, шунингдек уларда умумий кўрсатма, ташҳис ва касаллик белгилари кўрсатилиши ман этилади.

II. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотномани бериш

9. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома туғруқ содир бўлган тиббий муассасалар томонидан барча тирик туғилиш ҳолларида берилади. Бунда, туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома ушбу тиббий муассаса шифокори, бир нафар шифокор ишлайдиган тиббий муассасада шифокор бўлмаган (меҳнат таътили, касаллик туфайли ва бошқа сабаблар) ҳолларда туғруқни қабул қилган фельдшер ёки акушер томонидан берилади.

10. Тиббий муассасадан ташқари жойларда тиббий ёрдамсиз туғилган болага туғилганлик тўғрисидаги тиббий маълумотнома ҳудуд шифокори (фельдшери ёки акушери) томонидан берилади. Бунда, туғилганлик тўғрисидаги тиббий маълумотномани беришга боланинг шу онадан туғилганлигини тасдиқловчи камида иккита гувоҳ иштирокида тузилиб, ҳудуд шифокори (фельдшери ёки акушери) томонидан тасдиқланган далолатнома асос бўлиб ҳисобланади. Далолатномада гувоҳларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларига оид маълумотлар кўрсатилиши ва уларнинг кўрсатмалари ўз имзолари билан тасдиқланиши шарт.

11. Эгизак (иккита ва ундан ортиқ) болалар туғилганда уларнинг ҳар бири учун алоҳида туғилганлик ҳақида тиббий маълумотнома берилади.

12. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотноманинг барча бандлари бола ва унинг онаси ҳақидаги маълумотлар зарур катакларга киритилган ёки тегишли белгиларнинг тагига чизилган ҳолда, бундай маълумотлар бўлмаганда тегишли бандларга “номаълум” ёзуви киритилган ҳолда мазкур Йўриқноманинг 1-иловасига мувофиқ тўлдирилади.

13. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома туғруқни қабул қилган шифокор (фельдшер ёки акушер) томонидан имзоланиб, тиббий муассасанинг гербли муҳри билан тасдиқланади.

14. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома туғилган боланинг ота-онаси ёки улардан бири, алоҳида ҳолларда эса қариндошлари, қўшнилари, тиббиёт муассасалари маъмурияти ва бошқа манфаатдор шахсларга берилиши мумкин. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотномани олган шахснинг ушбу маълумотноманинг тиббий муассасада қоладиган қисмига уни олганлигини тасдиқловчи имзоси қўйилади.

15. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома йўқотиб қўйилган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда манфаатдор шахснинг ёзма аризасига кўра “дубликат” белгиси қўйилган янги туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома берилиши мумкин.

III. Перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни бериш

16. Перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома бола ўлик туғилганда ёки ҳаётининг биринчи ҳафтасида ўлган (перинатал ўлим) ҳолларда тиббий муассаса ёки суд-тиббий экспертиза бюроси томонидан тўлдирилади.

17. Эгизак (иккита ва ундан ортиқ) болаларда перинатал ўлим юз берган ҳолларда уларнинг ҳар бири учун перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома алоҳида тўлдирилади.

18. Перинатал ўлим юзага келган барча ҳолларда ўлим сабабини аниқлаш учун бола мурдасини ёриш жараёни ўтказилади.

19. Тиббий муассасада перинатал ўлим ҳолатлари юзага келганда ўлим сабабини аниқлаш учун бола мурдаси ушбу тиббий муассасанинг патологоанатомик бўлимида ёрилиб, текширилади (кейинги ўринларда патологоанатомик текширув деб юритилади). Тиббий муассасада патологоанатомик бўлим мавжуд бўлмаганда бола мурдасининг патологоанатомик текшируви ушбу муассаса раҳбарининг кўрсатмасига асосан тиббий муассасага бириктирилган марказлаштирилган патологоанатомик бўлимда ўтказилади.

20. Перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома туғруқни қабул қилган ёки болани даволаган шифокор томонидан патологоанатомик текширув натижаси бўйича тузилган хулоса ҳамда онанинг ҳомиладорлиги ва туғруқ давридаги касалликлари, боланинг касалликлари ҳақидаги маълумотлари кўрсатилган тиббий ҳужжатлари (туғруқ тарихи, чақалоқни ривожлантириш тарихи) асосида тўлдирилади. Бунда, бир нафар шифокор ишлайдиган тиббий муассасада шифокор бўлмаган (меҳнат таътили, касалик туфайли ва бошқа сабаблар) ҳолларда перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома ушбу муассаса фельдшери томонидан тўлдирилади.

21. Тиббий муассасадан ташқари жойларда ёки тиббий ёрдамсиз ўтказилган туғруқ натижасида ўлик бола туғилган ёки шифокор (фельдшер ёки акушер) кузатмаган бола ҳаётининг биринчи ҳафтасида ўлган ҳолларда, шунингдек зўраки ўлим ёки унга гумон бўлган ҳолларда суд-тиббий экспертиза бюроси томонидан ўлим сабабини аниқлаш бўйича ўтказилган экспертиза хулосасига асосан перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома тўлдирилади.

22. Бола тирик туғилиб, сўнг перинатал ўлим содир бўлган ҳолда туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома ҳамда перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома тўлдирилади.

23. Перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома ФҲДЁ органига “якуний” белгиси билан юборилади. Агар боланинг ўлими сабабини аниқлаш мақсадида патологоанатомик текширув ёки суд-тиббий экспертизаси бўйича қўшимча текширувлар (гистологик, бактериологик, вирусологик ва бошқа шу каби муддатли текширувлар) ўтказиш зарурати юзага келса, тиббий муассаса шифокори ёки суд-тиббий экспертиза бюроси эксперти томонидан бола ўлими сабабининг дастлабки ташҳисига асосан перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома “дастлабки” белгиси қўйилган ҳолда ФҲДЁ органига юборилиши мумкин.

Бундай ҳолларда патологоанатомик текширув ёки суд-тиббий экспертизасининг қўшимча текширув натижалари бўйича тузилган хулосасига асосан тиббий муассаса шифокори ёки суд-тиббий экспертиза бюроси эксперти томонидан боланинг ўлими сабаби аниқлаштирилган ҳолда “_____-сон дастлабкини ўрнига” белгиси қўйилган янги перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома тўлдирилиб, ушбу гувоҳнома тиббий муассаса ёки суд-тиббий экспертиза бюроси раҳбари томонидан имзоланиб, гербли муҳр билан тасдиқлаган кузатув хатига илова қилинган ҳолда “дастлабки” белгиси қўйилган перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома юборилган ФҲДЁ органига тақдим этилади ва бу ҳақда манфаатдор шахсга маълум қилинади.

24. Перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома тегишли тури (якуний, дастлабки, ____-сон дастлабкини ўрнига)нинг тагига чизиқ тортилган ҳолда, барча бандларига бола ва унинг онаси ҳақидаги маълумотлар тегишли катакларга киритилган (зарурий белгиларни тагига чизилган) ҳолда, бундай маълумотлар бўлмаганда тегишли бандларга “номаълум” ёзуви киритилган ҳолда, “кодлар учун жой” устунида эса “X” қайта кўрикдан ўтказилган Халқаро касалликларнинг таснифи (ХКТ-X) бўйича асосий касаллик кодлари кўрсатилган ҳолда мазкур Йўриқноманинг 2-иловасига мувофиқ тўлдирилади.

25. Ўлик туғилган ёки ҳаётининг биринчи ҳафтасида ўлган боланинг мурдаси талаб қилиб олинмаган ҳолларда уларни дафн этиш тиббий муассаса ёки суд-тиббий экспертиза бюроси томонидан амалга оширилади.

26. Ўлик туғилган ёки ҳаётининг биринчи ҳафтаси давомида ўлган болаларнинг туғилганлиги ва ўлими тиббий муассаса жойлашган жойдаги ФҲДЁ органида қайд этилади.

27. Перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома уни тўлдирган шифокор (фельдшер) ёки суд-тиббий экспертиза бюроси эксперти томонидан имзоланиб, тиббий муассаса ёки суд-тиббий экспертиза бюросининг гербли муҳри билан тасдиқланади.

28. ФҲДЁ органида перинатал ўлим ҳолатини қайд қилинишини таъминлаш перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома берилган тиббий муассаса ёки суд-тиббий экспертиза бюроси томонидан тайинланган жавобгар шахс зиммасига юклатилади. Бунда, ФХДЁ органлари томонидан перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳноманинг тиббий муассасада ёки суд-тиббий экспертиза бюросида қоладиган қисмига перинатал ўлим қайд этилганлиги ҳақида тегишли маълумотлар киритилади.

IV. Ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни бериш

29. Ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома ҳар бир ўлим ҳолларида тиббий муассаса ёки суд-тиббий экспертиза бюроси томонидан берилади.

30. Тиббий муассасада ўлим ҳоллари юзага келганда ушбу муассаса шифокори томонидан бемор соғлиғини кузатиш натижалари, унинг ўлимигача бўлган соғлиғи ҳолатини батафсил ёритувчи тиббий ҳужжатларга ёки патологоанатомик текширув хулосасига асосланиб, ўлим сабабини аниқлаган ҳолда ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома берилади. Бунда, бир нафар шифокор ишлайдиган тиббий муассасада шифокор бўлмаган (меҳнат таътили, касаллик туфайли ва бошқа сабаблар) ҳолларда ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома ушбу муассаса фельдшери томонидан берилади.

31. Тиббий муассасадан ташқари жойларда ўлим содир бўлган ҳолларда мурданинг патологоанатомик текшируви ёки суд-тиббий экспертизаси ўтказилиши талаб қилинмаса (диспансер назоратида турганда, ўлимнинг аниқ ташҳиси маълум бўлганда) ҳудуд шифокори томонидан мурда кўрикдан ўтказилиб, унинг ўлимигача бўлган соғлиғи ҳолатини ёритувчи тиббий ҳужжатларга асосан ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома берилади. Бунда, бир нафар участка шифокори ишлайдиган тиббий муассасада участка шифокори бўлмаган (меҳнат таътили, касаллик туфайли ва бошқа сабаблар) ҳолларда ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома ушбу муассаса фельдшери томонидан берилади.

32. Зўраки ўлим ёки унга гумон бўлган ҳолларда ўлим сабаби аниқланиши суд-тиббий экспертиза бюроси томонидан амалга оширилганда ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома ушбу бюро эксперти томонидан берилади.

33. Ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома марҳумнинг қариндошлари ёки яқин кишилари, тиббий муассаса маъмурияти ва бошқа манфаатдор шахсларга берилиши мумкин. Ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномани олган шахснинг ушбу гувоҳноманинг тиббий муассаса ёки суд-тиббий экспертиза бюросида қоладиган қисмига уни олганлигини тасдиқловчи имзоси қўйилади.

34. Мурданинг патологоанатомик текшируви ёки суд-тиббий экспертизаси ўтказилиши талаб қилинган ҳолларда мурдани ёриб текширмасдан тиббий муассаса ёки суд-тиббий экспертиза бюроси томонидан бериб юборилиши тақиқланади.

35. Талаб қилиб олинмаган мурдаларни дафн этиш тиббий муассаса ёки суд-тиббий экспертиза бюроси томонидан амалга оширилади. Бу ҳолда ФҲДЁ органида ўлим ҳолатини қайд қилинишини таъминлаш ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномани берган тиббий муассаса ёки суд-тиббий экспертиза бюроси томонидан тайинланган жавобгар шахс зиммасига юклатилади.

36. Ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома ФҲДЁ органига «якуний» белгиси билан юборилади. Агар ўлимнинг сабабини аниқлаш мақсадида патологоанатомик текширув ёки суд-тиббий экспертизаси бўйича қўшимча текширувлар (гистологик, бактериологик, вирусологик ва бошқа шу каби муддатли текширувлар) ўтказиш зарурати юзага келса, тиббий муассаса шифокори ёки суд-тиббий экспертиза бюроси эксперти томонидан ўлим сабабининг дастлабки ташҳисига асосан ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома “дастлабки” белгиси қўйилган ҳолда ФҲДЁ органига юборилиши мумкин.

Бундай ҳолларда патологоанатомик текширув ёки суд-тиббий экспертизасининг қўшимча текширув натижалари бўйича тузилган хулосасига асосан тиббий муассаса шифокори ёки суд-тиббий экспертиза бюроси эксперти томонидан ўлимнинг сабаби аниқлаштирилган ҳолда “_____-сон дастлабкини ўрнига” белгиси қўйилган янги ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома тўлдирилиб, ушбу гувоҳнома тиббий муассаса ёки суд-тиббий экспертиза бюроси раҳбари томонидан имзоланиб, гербли муҳр билан тасдиқлаган кузатув хатига илова қилинган ҳолда “дастлабки” белгиси қўйилган ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома юборилган ФҲДЁ органига жўнатилади ва бу ҳақда манфаатдор шахсга маълум қилинади.

37. Ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома тегишли тури (якуний, дастлабки, “_____-сон дастлабкини ўрнига)нинг тагига чизиқ тортилган ҳолда, барча бандларига ўлим ҳақидаги маълумотлар тегишли катакларга киритилган (тегишли белгиларнинг таги чизилган) ҳолда, бундай маълумотлар бўлмаганда тегишли бандларга “номаълум” ёки “аниқланмаган” ёзуви киритилган ҳолда, “кодлар учун жой” устунида эса “X” қайта кўрикдан ўтказилган Халқаро касалликларнинг таснифи (ХКТ-X) бўйича асосий касаллик кодлари кўрсатилган ҳолда мазкур Йўриқноманинг 3-иловасига мувофиқ тўлдирилади.

38. Ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома уни тўлдирган шифокор (фельдшер) ёки суд-тиббий экспертиза бюроси эксперти томонидан имзоланиб, тиббий муассаса ёки суд-тиббий экспертиза бюросининг гербли муҳри билан тасдиқланади.

39. Ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома йўқотиб қўйилган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда манфаатдор шахснинг ёзма аризасига кўра “дубликат” белгиси қўйилган янги ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома тўлдирилиб берилиши мумкин.

40. Мурдани ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномасиз бериш тақиқланади.

V. Якуний қоидалар

41. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларнинг берилганлиги ҳақидаги маълумотлар тегишли тиббий ҳужжатларда (кассалик тарихи, туғруқ тарихи ва бошқаларда) кўрсатилиши лозим.

42. Тиббий муассаса ва суд-тиббий экспертиза бюроси раҳбари туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни аниқ ва тўғри тўлдирилиши ва уларнинг ФҲДЁ органига ўз вақтида юборилиши устидан назорат қилишлари шарт.

43. Мазкур Йўриқномада белгиланган тартибда тасдиқланмаган шаклдаги туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларнинг тўлдирилиши ва берилиши тақиқланади.

44, Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан келишилган.

Давлат                                                                                                                           Тўраев


Дополнительно:  1-Илова Ўз.Р ССВ 2010 йил 27 февралдаги 56-сон буйруқ билан тасдиқланган 103/у-сон шаклдаги тиббий ҳужжат / 2-Илова.Ўз.Р ССВ 2010 йил 27 февралдаги 56-сон буйруқ билан тасдиқланган 106-2/ҳ-сон шаклдаги тиббий ҳужжат / 3-Илова.Ўз.Р ССВ 2010 йил 27 февралдаги 56-сон буйруқ билан тасдиқланган 106/ҳ-сон шаклдаги тиббий ҳужжат

Последние события

Реклама

Реклама на сайте

Rambler's Top100         MedLinks - Вся медицина в Интернет                 Яндекс.Метрика
Сертифицированный партнёр 1с-Битрикс

Copyright © WWW.MED.UZ - Медицинский портал Узбекистана, 2005-2024 
Все права защищены. Вся информация, размещённая на данном веб-сайте, предназначена только для
персонального использования и не подлежит дальнейшему воспроизведению и/или распространению
в какой-либо форме, иначе как с письменного разрешения компании MedNetSoft

Контакты:
Tel.: +998 (71) 200-92-22
Fax.: +998 (71) 200-92-22
e-mail:
info@mednetsoft.uz