o`zb   рус   eng
Медицинский портал Узбекистана
 Победитель интернет фестиваля национального домена 2013
Главная Поиск Обратная связь Карта сайта Версия для печати rss

Подписка на рассылку

Дезинфекция станциялари, дезинфекция бўлимлари, профилактик дезинфекция бўлинмалари, санитария-эпидемиология станциялари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида

02.07.2012

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг

буйруғи

ДЕЗИНФЕКЦИЯ СТАНЦИЯЛАРИ, ДЕЗИНФЕКЦИЯ БЎЛИМЛАРИ, ПРОФИЛАКТИК ДЕЗИНФЕКЦИЯ БЎЛИНМАЛАРИ, САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИЯ СТАНЦИЯЛАРИ ХОДИМЛАРИ УЧУН МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 25-сон, 283-модда)

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 21 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2374 ]

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон «Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сон «Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ буюраман:

1. Дезинфекция станциялари, дезинфекция бўлимлари, профилактик дезинфекция бўлинмалари, санитария-эпидемиология станциялари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.

Вазир А. ХАИТОВ

Тошкент ш.,

2012 йил 25 май,

26-Б-сон

Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини

ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг

2012 йил 25 майдаги 26-Б-сон буйруғига
ИЛОВА

Дезинфекция станциялари, дезинфекция бўлимлари, профилактик дезинфекция бўлинмалари, санитария-эпидемиология станциялари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон «Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ҳамда 2010 йил 20 июлдаги 153-сон «Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ дезинфекция станциялари, дезинфекция бўлимлари, профилактик дезинфекция бўлинмалари, санитария-эпидемиология станциялари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.

I боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Қоидалар дезинфекция, дезинсекция, дератизация ва стерилизация билан шуғулланувчи ташкилотларга (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.

2. Мазкур Қоидалар биноларни ва иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.

3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.

4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ва ишлаб чиқариш бўйича хавфсизликка оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.

II боб. Хавфсизликка қўйиладиган умумий талаблар

1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш

5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.

6. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимлар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.

7. Ўзбекистон Республикаси «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади), 50 ва ундан ортиқ транспорт воситаларига эга бўлган ташкилотларда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.

8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.

9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятларига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.

10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.

2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш

11. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимларини синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.

12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.

13. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.

3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари

14. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.

15. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитлари аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.

16. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.

4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати

17. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.

18. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.

19. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.

20. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни белгиланган талабларга мувофиқ режалаштиришга, ташкиллаштиришга ва хавфсиз бажаришга тўла жавобгардир.

5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш

21. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.

22. Жамоавий ҳимоя қилиш воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда ускуналар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.

23. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари бўлган хонадаги барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.

24. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.

25. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.

26. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларни дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).

27. Турли агрессив моддалар билан ишлаётганда тери касалликларини олдини олиш учун профилактик паста ва мазлардан фойдаланиш лозим.

28. Ходимлар Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт ишлаб чиқаришлари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 1998, 2009 йил 25 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 35-сон, 391-модда) мувофиқ якка тартибда ҳимояланиш воситалари билан таъминланиши лозим.

6-§. Касбий танлов

29. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.

30. Ташкилотларда раҳбар ва ходимлар тегишли маълумотга ҳамда иш тажрибасига эга бўлиши керак.

31. Босим остида ишловчи асбоб-ускуналар ва хавфи юқори бўлган ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.

32. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.

7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш

33. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш «Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги буйруқ (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.

34. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.

35. Тиббий кўриклар ташкилотнинг тиббий муассасаларида, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилиши лозим.

36. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда ушбу ходим ишга қўйилиши мумкин эмас.

37. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбарияти зиммасига юкланади.

38. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.

8-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар

39. Ташкилот хоналари иш ҳудудидаги ҳарорат, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 «Иш ҳудудининг ҳавоси, умумий санитария-гигиеник талаблари»га мувофиқ бўлиши керак.

40. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари қуйидаги санитария қоидаларига мувофиқ сақланиши лозим:

хоналарда рухсат этилган ҳарорат, нисбий намлик ва ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги, иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси, йил мавсуми ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши;

ишлаб чиқариш, санитария-маиший хоналарнинг, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарининг ёруғлиги ҚМҚ 3.01.05-98 «Табиий ва сунъий ёритиш. Лойиҳалаштириш меъёрлари»га мувофиқ бўлиши ҳамда меҳнат шароитларини яратиш учун етарли ёруғлик кучини таъминлаш;

хоналарда ёритиш асбоблари чанг тўпланишига имконият бермайдиган конструкцияга эга бўлиши, шунингдек синган тақдирда унинг парчалари сочилиб кетмаслиги учун ёпиқ бўлиши.

41. Ишлаб чиқариш, санитария-маиший хоналарни, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарини гигиеник жиҳатдан тоза сақлаш ва ходимларнинг шахсий гигиенасига қўйиладиган талаблар қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим.

9-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари

42. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II 89-80 «Саноат ташкилотларини бош плани» талабларига мос бўлиши керак.

43. Ташкилотда транспорт воситаларини ва пиёдаларни ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.

44. Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва чиқиш ҳамда иш участкалари ва цехларнинг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.

45. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим.

46. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сув оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.

47. Йилнинг ёз вақтида йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши лозим.

48. Йўловчилар учун йўлак ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м ён томонларида деворча ва тўсиқлар бўлиши лозим.

49. Биноларнинг томларини қишки мавсумда қордан, карнизларни қотган музлардан тозалаб туриш зарур.

50. Ташкилот ҳудудида ҳар куни тозалаб ва дезинфекция қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши шарт.

51. Ҳовлидаги ҳожатхоналарни озода сақлаш, мунтазам дезинфекция қилиш, сутканинг қоронғи пайтида эса ёритилиши керак.

52. Ташкилот жойлашган майдон бутун чегара бўйлаб тўсилган бўлиши, унинг ҳудудига бегона кишиларнинг кириши чекланган ва назорат остига олинган бўлиши лозим.

10-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари

53. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 «Ишлаб чиқариш бинолари» талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

54. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 «Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари» талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

55. Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи хоналарнинг (ҳарорати, нисбий намлиги, ҳавони ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар) микроиқлими ГОСТ 12.1.005-88 талабига жавоб бериши керак.

56. Нам хоналарда ҳамда иссиқ ўтказувчи полларда (бетонли, ғиштли ва плитали) мунтазам ишлашга мўлжалланган иш жойларида ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши керак.

57. Пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланган бўлиши керак.

58. Бинога транспорт воситаларининг кириш жойлари дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари билан таъминланган бўлиши лозим.

59. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.

60. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.

61. Дарвозаларнинг баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 2 м дан ошиқ бўлиши керак.

62. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.

63. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда икки мартадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан тайинланган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари, уларда топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.

64. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Хавфли ҳудудларда ишлаб чиқариш жараёнлари ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши лозим, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.

11-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар

65. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 «Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш» талабига мувофиқ бўлиши лозим.

66. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши лозим.

67. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари рухсат этилган ўтиш йўлакларининг энини камайтирмаслиги лозим.

68. Иш жойларида ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 210 С, ўртача оғир ишда 170 С ва оғир ишда 160 С дан паст бўлмаслиги керак.

69. Ходимларининг исиниши учун хоналарда ҳарорат 220 С дан кам бўлмаслиги керак.

70. Исиниш хоналаригача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан, бино ташқарисидаги иш жойларидан эса 150 м дан кўп бўлмаслиги лозим.

12-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига қўйиладиган талаблар

71. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 «Биноларни ички сув қувури ва канализацияси» талабига мос келиши керак.

72. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.

73. Ичимлик сувининг ҳарорати 80 С дан 200 С гача бўлиши керак.

74. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ сув ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.

75. Ташкилотда канализация тизими йўқ бўлганда, давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларини мавжуд бўлишига рухсат этилади.

13-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар

76. Ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 «Табиий ва сунъий ёритиш» талабига мос бўлиши лозим.

77. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак. Ёруғлик тушувчи ойналарни йилида камида икки маротаба тозалаш лозим.

78. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) билан тўсиб қўйишга рухсат этилмайди.

79. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган (умумий маҳаллий билан биргаликда) тизим орқали амалга оширилади. Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.

80. Участка ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиши эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан алоҳида бажарилиши керак.

81. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёритқичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)ни ички сиртини ёритиш учун кўчма электр ёритқичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак.

82. Кўчириб юрилувчи ёритқичлар шишали ҳимоя қопқоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёритқичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан кабел ва электр ўтказгичлар қўлланиши лозим.

83. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёритқичлари бўлиши лозим.

84. Авария ёритқичлари бошқа ёритқичлардан тури, ўлчамлари ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозаланиб турилиши лозим.

85. Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритқичларнинг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.

14-§. Шовқин ва тебранишга қўйиладиган талаблар

86. Иш жойларида, хоналарда ва ташкилот ҳудудида шовқин ва тебранишнинг даражаси СанҚваМ 0120-01 «Иш жойларида шовқиннинг йўл қўйилган даражасининг санитария меъёрлари», СанҚваМ 0122-01 «Иш жойларида умумий ва локаль тебранишнинг санитария меъёрлари», ГОСТ 12.1.003-89 «Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари» ва ГОСТ 12.1.012-90 «Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари» талабларига мувофиқ бўлиши керак.

87. Иш жойларида шовқин ва тебраниш даражасини мунтазам назорат қилиб туриш керак. Агарда у белгиланган меъёрлардан юқори бўлган ҳолларда уни пасайтириш учун қуйидаги тадбирлар қўлланиши лозим:

деталларнинг зарбали ҳаракатларини зарбасиз ҳаракатларга, илгарилама-қайтма ҳаракатларни айланма ҳаракатларга ўзгартириш;

шовқин чиқарувчи агрегат ёки унинг айрим қисмларига шовқинни тўсувчи қобиқлар ўрнатиш;

агрегатдан чиқаётган аэродинамик шовқинларга қарши самарали товуш сўндиргичлар қўллаш;

шовқинли ускуналарни (парраклар, компрессор) тўсилган хоналарда ёки ишлаб чиқариш хоналаридан ташқарида жойлаштириш;

тебранишни камайтириш учун, унинг манбаларини (электр двигателлар, парраклар ва бошқалар) мустақил полдан ва бинонинг бошқа конструкцияларидан изоляцияланган пойдеворларда ёки махсус ҳисоблаб чиқилган амортизаторларга ўрнатилиши керак.

88. Ишлаб чиқариш хоналарида шовқинни техник воситалар билан бартараф этишнинг иложи бўлмаса, эшитиш аъзоларини якка тартибда ҳимоя қилувчи воситалардан ва шовқинга қарши каскалардан фойдаланиш керак.

15-§. Маиший иморатларга қўйиладиган талаблар

89. Ташкилотда маиший хоналар, овқатланиш хоналари, тиббий пунктлар жиҳозланган бўлиши керак.

90. Кийим алмаштириш хоналари, душхоналарнинг ўлчамлари, душ сеткалари, оёқ ванналари, бет-қўл ювгичлари, истеъмол сув таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва шу каби қурилмаларнинг сони, сменадаги энг кўп ходимлар сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши лозим.

91. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.

16-§. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга бўлган талаблар

92. Ташкилотларда атроф муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларнинг тегишли нормалардан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги лозим.

93. Ташкилотларда ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда атроф муҳитни чиқиндилар (оқова сувлар, шамоллатиш тизими чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиш эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.

94. Ташкилотларда чиқиндиларни йиғиш учун атрофи ўралган махсус жой ажратилиши ва контейнерлар билан таъминланиши, контейнерлар чиқиндилардан бўшатилгандан сўнг дезинфекция қилиниши ва ювилиши керак.

17-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар

95. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

III боб. Ташкилотларда иш жараёнларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари

1-§. Умумий талаблар

96. Янги қурилган ёки реконструкция қилинган дезинфекция станциялари, дезинфекция бўлимлари ва профилактик дезинфекция станцияларини ишга туширишдан олдин белгиланган тартибда ташкил этилган комиссия томонидан кўриб чиқилади.

97. Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ва ходимлар соғлиғига хавф туғдирадиган хоналар ва лабораторияларни фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади.

98. Ташкилотлар ишни ташкил қилиш учун, унинг фаолият йўналишига боғлиқ равишда керакли миқдорда хоналар билан таъминланган бўлиши керак.

99. Заҳарли моддалар билан ишлаш учун мўлжалланган хоналар бошқа хоналардан ажратиб олинган бўлиши керак.

100. Лабораторияларнинг эшиклари ундан чиқиш томонига (лаборант хонасига, препаратлар тайёрланадиган хонага, коридорга) очиладиган бўлиши керак. Қолган хоналарнинг эшиклари ҳам иложи борича ташқарига (коридорга) очиладиган бўлиши керак.

101. Ташкилотларда ходимлар учун хона, кийим алмаштирадиган хона ва ходимлар овқатланадиган хона бўлиши керак.

2-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлиги талаблари

102. Ишлаб чиқариш жараёнлари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 «Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари» ва ГОСТ 12.1.010-90 «Портлаш хавфи. Умумий талаблари»га ва ушбу Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим.

103. Синалмаган ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни қўллаш тақиқланади.

104. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналарининг портлаш жиҳатидан хавфлилик даражалари лойиҳа ташкилоти томонидан ТЛТМ 24-86 «Технологик лойиҳалаштириш тармоқ меъёрлари»га мувофиқ ҳар бир ҳолат учун алоҳида аниқланиши керак.

105. Ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф муҳит унинг чиқиндилари (оқова сувлари, шамоллатиш тизими чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.

106. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.

107. Шамоллатиш тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши лозим.

108. Бино ва ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғинни ўчириш воситаларига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.

109. Портлашни олдини олиш учун автоклав, компрессор, насосларнинг подшипниклари ҳамда машина ва агрегатларнинг ишқаланувчи қисмларини қизиб кетишига йўл қўймаслик лозим.

110. Ёнғиндан хавфли лабораториялар, участкаларда ва портлаш ёки алангаланиш хавфи бор қурилмаларда очиқ алангадан фойдаланишни тақиқловчи ва алангаланувчи ва портловчи моддалар билан ишлашда эҳтиёткорликка риоя қилиш зарурлиги тўғрисида белгилар илиб қўйилиши зарур.

111. Аралашганида портловчи модда ҳосил қилиши мумкин бўлган газларни умумий коллекторга чиқариш тақиқланади.

112. Ташкилотларнинг барча бўлимларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг истеъмол қилиниши тақиқланади.

113. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари учун ҳудудий ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиши ва кўринадиган жойга осиб қўйилиши лозим.

114. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва ёнғинни олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.

3-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари

115. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.

116. Электр энергиясидан фойдаланишда ташкилот раҳбарининг буйруғи билан муҳандис-техник ходимлардан электр хўжалиги учун жавобгар ходим тайинланган бўлиши ва бу ходим электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака гуруҳига эга бўлиши шарт.

117. Кучланиш 1000 В ва ундан юқори бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатишда электр хўжалиги учун жавобгар ходим электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига ва кучланиши 1000 В гача бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатишда IV малака гуруҳига эга бўлиш талаб этилади. Масъул ходим даврий равишда ва ўрнатилган тартибда электр хавфсизлиги бўйича ташкилотда тузилган комиссияда билим синовидан ўтиши шарт.

118. Электр ток ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асосларда монтаж қилиниши лозим.

119. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёритқичлар намликдан, электр двигателлари эса суюқлик сачрашидан ҳимояланган бўлиши шарт.

120. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши лозим.

121. Ишлаб чиқариш бинолари ва маиший хоналарда қўлланувчи люминесцент ёритқичлар ёпиқ ҳолда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматурада бажарилиши лозим.

122. Кўчириб юрилувчи ёритқичлар шишали ҳимоя қалпоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёритқичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан кабель ва электр ўтказгичлар қўлланилиши лозим.

123. Кабеллар ва электр ўтказгичларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, электр токдан ҳимояловчи ерга уланган симлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва асбоблар билан ўлчаш орқали текширилиб турилиши лозим.

124. Ток узатилмагани сабабли ускуна тўхтатилган ҳолларда электр двигателлар ўчирилиши керак.

125. Электр аппаратлари ва агрегатларининг нолга ва ерга улаш симларининг бутунлиги камида 6 ойда бир марта текширилиши лозим. Текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади.

126. Кам қувватли электр лампалари ва асбобларини каттароқ қувватлиларига алмаштириш тармоқ учун йўл қўйилувчи юкланишни ҳисобга олган ҳолда электр хўжалиги учун жавобгар ходимнинг рухсати билан амалга оширилиши лозим.

127. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.

128. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун машиналарнинг ғилофлари, унинг асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим.

129. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўрлар билан ўралган ва тўр ерга уланган бўлиши лозим.

130. Ташкилотнинг барча турдаги бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши лозим. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорда текширилиб турилиши ва носозликлари бартараф этилиши лозим.

4-§. Якка тартибдаги ҳимоя воситалари, махсус кийим, асбоб-ускуналар, фойдаланилган идишлар ва транспорт воситаларини зарарсизлантириш жараёнида хавфсизлик талаблари

131. Иш жараёнида дезинфекция, дезинсекция ва дератизация воситалари билан ифлосланган махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимоя воситаларини, идиш ва қопларни, асбоб-ускуналарни, транспорт воситаларини зарарсизлантириш, якка тартибдаги ҳимоя воситаларини кийган ҳолда ҳаво суриб олувчи махсус мослашган хонада ёки хонадан ташқарида ташкилот томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

132. Иш жараёни тугагандан сўнг махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимоя воситаларини ювиш ва зарарсизлантиришда қуйидагиларга амал қилиниши лозим:

совун-содали эритма (50 г кальцийли сода ва 270 г совун 10 л сувга) ишлатилиши, 1 кг қуруқ махсус кийимларига 4,5 л эритма сарфланиши;

карбофос ва бошқа фосфорорганик моддалар билан ишлагандан сўнг махсус кийимлар совун-содали қайноқ эритмада 2-3 соат бўктириб, сўнгра янги эритмада ювилиши;

хлорорганик моддалар билан ифлосланган махсус кийимларни совун-содали эритмада 2-3 соат бўктирилиши, 30 минутдан 2 марта эритмани янгисига алмаштириб қайнатилиши ва сувда яхшилаб чайилиши;

махсус кийимларни кир ювиш кукуни билан ювиш тақиқланади.

133. Юқумли касалликлар ўчоғида ишлаган ходимларнинг махсус кийими камерали зарарсизлантирилгач ювилиши лозим.

134. Дезинфекцияловчи эритмалар билан ишлагандан сўнг респиратор, ҳимоя кўзойнаклари ва қўлқопларни аввал 5 фоизли кальцийли сода эритмаси билан, сўнгра тоза сув билан яхшилаб ювилиши лозим.

135. Дезинфекцияловчи эритма, суспензия, эмульсия учун ишлатилган челак ва бошқа идишлар ишдан кейин совун-содали иссиқ сувда ювилиши лозим, уларда озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш тақиқланади.

136. Дезинфекцияловчи эритмаларни тайёрлаш учун ишлатилган челак ва бошқа идишлар, дезинфекция моддалари сақланган идишлар (қоп, бочка ва бошқалар) бўшагач тозаланиб, сўнгра ювилиши лозим.

137. Ишга яроқсиз ҳолатга келган металл идишларни ўрнатилган тартибда зарарсизлантирилиб, сўнгра рўйхатдан чиқарилиши лозим.

138. Қоғоз ва ёғоч идишларни аҳоли яшаш жойлари ва ташкилотлар ҳудудидан камида 200 м узоқликда ёқилиши ва кули 0,5 м чуқурга кўмилиши лозим.

139. Транспорт воситаларининг ёғоч кузови, аравалар дезинфекция моддалари ва заҳарли кимёвий моддаларни ташигандан сўнг хлорли оҳак эритмаси билан тозаланиши, сўнгра сув билан ювилиши керак.

140. Юқумли касалликлар билан касалланган беморларни ташийдиган махсус транспорт воситаси юқумли касалликлар шифохоналаридаги махсус жойларда тозаланиши лозим.

5-§. Дезинфекция, дезинсекция ва дератизация восита ва моддаларини сақлашда хавфсизлик талаблари

141. Дезинфекция, дезинсекция ва дератизация восита ва моддаларини махсус мосламали, шамоллатиш тизими мавжуд бўлган омборхоналарда, бутун идиш ёки қопларда сақлаш зарур.

142. Омборхона қуруқ, ёруғ бўлиши, деворлари силлиқ, сувалган, поли цементланган ёки асфальтланган (ёғоч пол мумкин эмас) бўлиши лозим.

143. Майда идиш ёки қопдаги дезинфекция восита ва моддаларини сақлаш учун металлдан қилинган токча, шиша идишлар учун ёғоч токча ўрнатиш керак.

144. Дезинфекция, дезинсекция ва дератизация восита ва моддаларини сақлаш ва тарқатишга масъул ходим уларнинг хавфлилигини ҳамда уларни сақлашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни, идиш ва қопларни, тўкилган ёки оққан дезинфекция восита ва моддаларини зарарсизлантиришни билиши шарт.

145. Дезинфекция, дезинсекция ва дератизация восита ва моддаларининг аниқ номи, ишлаб чиқилган вақти ва фойдаланиш муддати кўрсатилган бўлиши керак, улар кўрсатилмаган тақдирда уларни тарқатиш тақиқланади.

146. Дезинфекция, дезинсекция ва дератизация моддаларини тарқатадиган ходим якка тартибда ҳимоя воситаларидан фойдаланиши лозим.

147. Омборхонада овқатланиш, озиқ-овқатларни, сув ва емларни сақлаш қатъий тақиқланади. Бегона кишиларнинг омборхонада бўлиши тақиқланади.

6-§. Ишлаб чиқариш хоналаридаги жиҳозларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари

148. Эпидемияга қарши курашадиган ва профилактик ишлов ўтказиладиган алоҳида бинода жойлашган санитария хоналари белгиланган тартибда жиҳозланган бўлиши керак.

149. Ташкилотларнинг камерали дезинфекциялаш бўлимида қуйидагилар бўлиши шарт:

ифлосланган буюмларни қабул қилиш хонаси, тунука билан қопланган иш столи, совуқ ва иссиқ сувли қўл ювиш мосламаси;

тоза ва ифлосланган буюмлар учун алоҳида омборхона, токчалари билан, шунингдек уларни жойлаштириш учун нарвонча;

2 та бўлинмадан иборат стационар дезинфекция камера (бундан буён матнда камера деб юритилади) жойлаштирилган хона, яъни ифлосланган буюмларни зарарсизлантириш учун камерага юкланадиган ва зарарсизлантирилгандан сўнг уларни камерадан бўшатиб сақланадиган хона.

150. Камерадан буюмлар бўшатиладиган томондаги бўлинмада стол ва буюмларни дазмоллаш тахтаси ўрнатилади. Санитар тозаловидан ўтишга келган кишиларнинг кийим ва буюмларини зарарсизлантирадиган камера жойлаштирилган хона санитар тозалов хонасига имкон қадар яқин бўлиши керак.

151. Юклаш ва бўшатиш хоналарининг деворида дарча бўлиб, бири юклаш хонасига санитар тозалов хонасидан буюмларни қабул қилиш учун, иккинчиси бўшатиш бўлинмасидан санитар тозалов хонасига тозаланган кийимларни бериш учун зарур. Камерани бошқариш ишчи майдони, юклаш бўлинмаси майдонига нисбатан катта бўлган бўшатиш бўлинмасида жойлаштирилиши керак.

152. Камерали юклаш ва бўшатиш хоналари ўртасида ходимларни санитария ишловидан ўтказиш хонаси ва тоза буюмларни бериш омборхонаси билан боғланувчи бино, шунингдек дезинфекция восита ва моддаларини сақлаш учун омборхона бўлиши керак. Камерали юклаш ва бўшатиш хоналарининг ҳаво алмаштиргичлари ҚМҚ-2 «Санитария-эпидемиология станцияси» меъёрларига мос бўлиши лозим.

153. Диспетчерлар хонаси товуш ўтказмайдиган қилиб жиҳозланиши, буюртмаларни қабул қилиб олишда зарур бўлган телефон аппаратлари билан етарлича таъминланган бўлиши керак.

154. Дератизация хўраклари тайёрлайдиган лаборатория алоҳида бинода жойлашган бўлиб, кириш-чиқиш йўллари хизматчилар ишлайдиган ёки дезинфекция восита ва моддаларининг ҳиди келадиган бинолар билан боғланган бўлмаслиги керак. Лабораторияда ( сўрувчи) тортма шкаф, иш столлари, хўрак сақлаш учун музлатгич, элак ва хўрак тайёрлаш учун электр ёки газ плиталари бўлиши керак. Заҳарли моддалар билан боғлиқ бўлган ишларда уларни ўлчаб, тортиш фақат сўриш шкафи бўлган лабораторияларда бажарилиши керак. Заҳарли хўракларни лабораториядан ташқарида тайёрлаш ва сақлаш тақиқланади.

155. Беморларни ташувчи махсус транспорт воситаси учун махсус хонада иссиқ ва совуқ сув, оқова сув учун канализация, дезинфекция восита ва моддаларнинг эритмасини сақлаш учун идишлар бўлиши керак. Махсус хона поли сув ўтказмайдиган қоплам билан қопланган бўлиши керак.

156. Ташкилотларнинг барча ишлаб чиқариш хоналарида алмашинувини таъминловчи жиҳозлар билан ҚМҚ–2. «Санитария-эпидемиология станцияси» талаблари асосида таъминланган бўлиши керак.

7-§. Касаллик ўчоқларида дезинфекцияни ўтказишда хавфсизлик талаблари

157. Юқумли касаллик ўчоғида бўлган ходимлар ўз иш жойларига келгач барча кийим ва буюмлари зарарсизлантирилиши, тозаланган кийимларни кийишлари ва иш тугагач душ қабул қилишлари лозим.

158. Юқумли касалликлар ва ифлосланган материаллар билан ишловчи ходимлар тоза бинога ўтишдан аввал махсус кийимларини ечишлари лозим.

159. Юқумли касаллик ўчоғида ишлаётган ходим шу ердаги кийим илгичлардан ва бошқа буюмлардан фойдаланмаслиги керак. Ечилган кийимини махсус қопчага ёки аввалдан тозаланиб зарарсизлантирилган жойга қўйиш керак. Ўчоқда махсус кийимсиз ишлаш тақиқланади.

160. Юқумли касаллик ўчоғида дезинфекция тадбирлари ўтказилгандан сўнг тиббий халат ва қалпоқ (рўмол)лар алмаштирилиши ва улар албатта камерали дезинфекциядан ўтказилиши керак.

161. Паратиф касаллиги ўчоғида бўлган ходим тезлик билан санитария тозаловидан ўтиши керак.

162. Дезинфекцияловчи асбоб-ускуналар дезинфекция восита ва моддалари қолдиғидан яхшилаб ювиб тозаланиши ва қуритилиши ҳамда махсус хонадаги жавонларда сақланиши лозим.

163. Юқумли касаллик билан касалланган беморларни касаллик ўчоқларидан фақатгина махсус транспорт воситаси ёки тез тиббий ёрдам транспортида шифохоналарга етказилиши лозим.

8-§ Дезинфекция восита ва моддалари билан ишлашда хавфсизлик талаблари

164. Дезинфекция восита ва моддалари билан боғлиқ барча ишларни (ўлчаш, ишчи эритмалар, дератизация хўраклари тайёрлаш, ўчоқларга ишлов бериш, ишчи эритмалар билан дезинфекция қилиш ва бошқалар) бажарадиган ходимлар якка тартибда ҳимоя воситалари ва махсус кийимда бажаришлари керак.

165. Кийим ва буюмларни инсектицид, репелентларда бўктириш ҳамда уларни қуритиш ишлари шамоллатиш тизими бор махсус хонада ёки очиқ ҳавода ўтказилиши лозим.

166. Дезинфекция восита ва моддаларини тортиш ва идишларга солиш ва бошқа ишлар ҳавони тортувчи шкафи бўлган махсус хонада бажарилиши лозим.

167. Дезинфекция восита ва моддалари билан ишлаганда ходимлар вақти-вақти билан очиқ ҳавога чиқиб (махсус кийимларсиз) танаффус қилишлари лозим.

168. Иш тугагандан сўнг ходимлар махсус кийимларни белгиланган тартибда ечишлари ва махсус идишга солишлари, оғизни сув билан яхшилаб чайиб, гигиеник душ қабул қилишлари керак.

169. Озиқ-овқат маҳсулотларини дезинфекция восита ва моддалари билан биргаликда ташиш, уларни ишлаб чиқариш (тайёрлаш) хоналарида сақлаш тақиқланади.

9-§. Дезинсекция восита ва моддалари билан ишлашда хавфсизлик талаблари

170. Дезинсекция восита ва моддалари ва асбоб-ускуналари билан ишлаганда қуйидаги қоидаларга риоя қилиш лозим:

тери ва шиллиқ қатламга дезинсекция восита ва моддаси эритмаларининг тушишига йўл қўймаслик;

эмульсия тайёрлаш, кукун дориларни ўраш ишлари бинодан ташқарида ёки махсус ажратилган хонада, ойналарни очиб, шунингдек ҳавони тортувчи шкафларда, қўлқоп, респиратор ва ойнагини тақиб бажарилиши керак.

171. Иш тугагандан сўнг ходимлар махсус кийимларни белгиланган тартибда ечишлари ва махсус идишга солишлари, оғизни сув билан яхшилаб чайиб, гигиеник душ қабул қилишлари керак.

172. Инсектицидли эритмалар тайёрлашда бензин ва спиртдан фойдаланиш ва уларни пуркаш тақиқланади.

10-§. Дератизация восита ва моддалари билан ишлашда хавфсизлик талаблари

173. Тайёрланган хўракларни дезинфекторларга ўлчаб, клеёнка, полиэтилен ёки бошқа қопчаларга жойлаштирилган ҳолда берилиши лозим. Касаллик ўчоқларига хўраклар қулфланадиган махсус идишларда (идиш қопқоғининг ички томонида ҳаёт учун хавфли моддалар борлиги ҳақида ва ташкилотнинг манзили кўрсатилган бўлиши керак) олиб борилиши ва улар қошиқлар билан солиниши лозим. Дезинфекторлар кукунли дератизация восита ва моддалари билан ишлаганда (кемирувчиларнинг уяларига ва инфекция билан ифлосланган сувга дори пуркаганда) чангга қарши ёки пахта-докали респиратор кийиши керак.

174. Касаллик ўчоқларида иш тугагандан сўнг дезинфектор асбоб-ускуналарни, лаборатория идишларини ва махсус кийимларни йиғиштириб махсус идишларга солиши ва қўлларини совунлаб ювиши, кукунли моддалар билан ишлаганда юз-қўлини совунлаб ювиши, оғизни сув билан чайиши керак.

175. Касаллик ўчоқларида ўлган кемирувчиларни қисқичлар ёрдамида резина қўлқоп кийиб йиғиш ва махсус қопчаларга солиш керак. Уларни ўлатга қарши кураш ёки ўта хавфли юқумли касалликлар лабораториясига топшириш учун қопқоқли темир бакларга жойлаштирилади. Бундай муассасалар йўқ жойларда эса кемирувчиларни ёқиб юборилади ёки ўликларини 0,5 м чуқурликда ўра қазиб, 10 — 20 фоизли хлорли оҳак эритмаси сепиб кўмиб юборилиши лозим.

176. Дератизация учун хўракларни шамоллатиш тизими бор махсус хоналарда тайёрлаш лозим.

11-§. Камерали дезинфекция ва санитария тозалов хоналарида ишлашда хавфсизлик талаблари

177. Камеранинг юклаш хонасида ва санитария тозалов хонасининг ифлосланган қисмида ишловчи ходимлар комбинезон ва халатда, респиратор ёки докадан қилинган (тўрт қаватли) ниқобда бўлишлари лозим.

178. Ўта хавфли юқумли касалликларда ходимлар ўлатга қарши махсус кийимдан фойдаланишлари керак.

179. Камерани бўшатиш хонасида ва санитария тозалов хонасининг тоза қисмида ходимлар тоза халатда ишлашлари керак.

180. Камера ишлаётганда ходимлар босим берувчи ускуналарда ўрнатилган мономерт кўрсаткичини мунтазам равишда назорат қилишлари лозим.

181. Камерадаги босим атмосфера босими билан тенглашмагунча ва шамоллатиш муддати тугамагунча ишлаётган камера эшиклари очилмаслиги лозим.

182. Камераларда махсус тайёргарликдан ўтган ходимлар ишлаши лозим.

183. Ифлосланган хона билан тоза хона оралиғида ҳар қандай мулоқот бўлмаслиги лозим.

184. Камерани ҳар чоракда бир марта бактериология лабораторияси томонидан текшириб турилиши лозим.

185. Камерани ифлосланган хонасида ва тоза хонасида кийимларни, буюм ва кўрпаларни вақтинча сақлаш учун мослама (стеллаж) бўлиши лозим.

186. Камера бир йилда бир марта меторологик таҳлилдан (текширувдан) ва техник кўрикдан ўтказилиши лозим.

12-§. Стерилизация қилиш жараёнларига бўлган хавфсизлик талаблари

187. Ташкилотларда стерилизация қилиш жиҳозидан фойдаланиш қуйидаги ҳолатларда тақиқланади:

ҳимояловчи клапанларда нуқсон бўлганда;

эксплуатация бўйича йўриқномага риоя қилинган бўлса ҳам стерилизаторда босим рухсат берилган миқдордан кўтарилганда;

босим остида ишлайдиган стерилизаторлар элементларида ёриқ, дўппайиб турган жойлар, болтлар маҳкамланган жойида оқиш бошланганда, прокладкаларда ёриқ пайдо бўлганда;

суюқлик миқдори кўрсаткичида нуқсон пайдо бўлганда;

ҳимояловчи блокировкаланган қурилмаларда нуқсон аниқланганда;

назорат-ўлчаш асбоблари ва автоматика воситалари йўқ бўлганда ёки уларда нуқсон аниқланганда;

қисмлар бириккан жойда конденсат оқими пайдо бўлганида (технологик буғ чиқарилаётганда);

стерилизация ва сув буғ камералари, назорат-ўлчаш асбоблари бирикмалари, трубопровод ва арматура эшиклари ва қопқоқларнинг зичлиги (герметиклиги) (2,2 кгс/см2 босимда) бузилганда;

маҳкамловчи деталлар, қопқоқларнинг носозлиги ва бут эмаслигида, стерилизатор ташқи юзасининг температураси кўтарилганда.

188. Стерилизация хонасида табиий ёруғлик бўлиши, шунингдек, деразаларида фрамугалар ёки форточкалар бўлиши керак.

189. Стерилизация хонаси шамоллатиш тизими билан таъминланган бўлиши лозим. Хонанинг эшиги ойнали бўлмаслиги керак.

190. Хонада фақат стерилизаторлар жойлашган бўлиши лозим.

191. Стерилизаторлар девордан 0,8 м узоқликда жойлаштирилиши керак. Шкаф кўринишидаги стерилизатор учун эса унинг қопқоғи очиладиган томонга 1,5 м масофа белгиланади.

192. Электр стерилизациялаш хонасидаги пол ток ўтказмайдиган материалдан бўлиши керак.

193. Поли плитали хоналарда резина диэлектрик гиламчалар билан қопланган шароитда электрик стерилизатордан фойдаланишга рухсат берилади.

194. Стерилизация хоналарида ёнғинга қарши ишлатиладиган воситалар ва зарур бўлганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун керак бўладиган тиббиёт қутичаси мавжуд бўлиши керак.

195. Рубильниклар ва автоматик ўчиргичлар полдан 1,6 м баландликда ва стерилизатордан 1 м дан узоқ бўлмаган жойда ўрнатилиши лозим.

IV боб. Дезинфекцияловчи асбоб-ускуналарга қўйиладиган хавфсизлик талаблари

196. Иш жараёнларида ходимлар носоз асбоб-ускуналардан (автомакс, гидропульт, пульверизатор ва бошқалар) фойдаланиши тақиқланади.

197. Асбоб-ускуналардан фойдаланганда ходимлар махсус кийим, махсус пойабзал ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларида ишлашлари лозим.

198. Буғли, буғ формалинли, иссиқ ҳаволи ва газли камераларни ишлатишда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши лозим.

199. Камеранинг баъзи қисмларида ва назорат ўлчов асбобларида (буғ ўтказиш, газ узатиш, ҳимоялаш клапанлари, манометрлар ва бошқалар) носозлик бўлган тақдирда ишлаш тақиқланади.

200. Камера қозонларида босимнинг белгиланган меъёрлардан ошиб кетишига, буғ ва иссиқ сув қувурларида носозликлар юзага келишига йўл қўйилмаслиги лозим.

201. Босим остида ишлаётган асбоб-ускуналарда буғ ўтказиш, вентил ва бошқа қисмларини тузатиш ишлари олиб борилмаслиги лозим.

202. Манометр ва клапанларини дам бериш йўли билан бир иш куни давомида вақти-вақти билан камида 2 марта текшириб турилиши лозим.

203. Камерага буғ юборишдан аввал буғ ўтказгичларда йиғилиб қолган буғ конденсати қолдиқларини чиқариб юбориш керак. Вентиллар, кранлар ва бошқа бошқарув қисмларини ечиш ва жойига қотириб қўйилиши лозим.

204. Камера ишлаётган вақтда ходим камеранинг ишчи қисмига тегиши ман этилади.

205. Асбоб-ускуналарнинг металл қисмлари занглаб кетмаслиги учун намлиги меъёрда бўлган омборхоналарда сақланиши лозим.

V боб. Таъмирлаш (тузатиш) ишларини амалга оширишда хавфсизлик талаблари

206. Ташкилотнинг таъмирлаш хизмати ускуналарнинг, уларнинг паспортлари, техник йўриқномалари ва ишлаб чиқарувчи ташкилотнинг бошқа ҳужжатларининг меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими талабларига мослигини таъминлаши лозим.

207. Асбоб-ускуналарни зарур техник ҳолатда тутиб туриш учун ташкилотда унга хизмат кўрсатишни яхшилаш, режавий-олдини олувчи таъмирлашнинг қатъий бажарилиши ва таъмирлаш ишларининг сифатини яхшилаш бўйича чоралар кўрилиши лозим.

208. Асосий асбоб-ускуналарни капитал ва жорий таъмирлаш, ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ишларни ташкил этиш лойиҳасига мувофиқ амалга оширилиши лозим. Ишларни ташкил этиш лойиҳаларида таъмирлашни ўтказишга жавобгар ходимлар, шунингдек таъмирлаш ишларининг тартиби ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминловчи чоралар кўрилиши лозим.

209. Таъмирлаш ишларини ўтказиш муддати ташкилот бош муҳандиси томонидан тасдиқлаган йиллик режали-таъмирлаш жадвалига асосан белгиланади.

210. Таъмирлаш ишларини ўтказишда бажарилиши зарур бўлган ишларнинг бажарилиши технологик кетма-кетликда кўрсатилиши керак.

Бунда қуйидагиларни кўрсатиш зарур:

ишларни бажариш усуллари ва услубларини;

таъмирлаш учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва анжомларнинг турларини;

таъмирланган асбоб-ускуна ва анжомлар ва уларнинг қисмларини техник талабларга жавоб беришини.

211. Бажарилиши хавфсизлик чоралари билан боғлиқ ва махсус технологик таъмирлаш жараёнларини амалга оширилиши кўрсатмалари берилган ишлар таъмирлаш ҳужжатларида кўрсатилиши керак.

212. Ташкилотларда пудратчи ташкилотлар томонидан бажариладиган таъмирлаш, қурилиш ва монтаж ишлари наряд-рухсатнома билан расмийлаштирилиши лозим.

213. Барча ҳолларда таъмирлаш ишларининг бажарилиш тартиби ва усуллари бош муҳандис ёки унинг ўринбосари билан келишилиши керак.

214. Таъмирлаш ишлари бажариладиган ҳудуд тўсилган ҳолатда бўлиши ва у ерда хавфсизлик белгилари ўрнатилган бўлиши лозим.

215. Таъмирлаш ишлари бошланишидан аввал, таъмирлашда банд бўлган барча ходимлар ишларни ташкил этиш лойиҳаси билан таништирилиши ва таъмирлаш ишларини бажариш пайтида хавфсизлик чораларига риоя қилиш бўйича йўл-йўриқдан ўтказилиши лозим.

216. Ечиб олинган агрегатлар, деталлар ва металл конструкциялар йиғиштириб қўйилиши лозим.

217. Таъмирлаш пайтида иш жойларини, йўлларни, йўлакларни ва зинапояларни турли нарсалар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.

218. Суюқ ёнилғини сақлаш учун сиғимларда ва бошқа сиғимларда ишлаганда, сиғимни улардан бўшатиш зарур.

219. Компрессорни қисмларга ажратиш ва ичини очиш билан боғлиқ таъмирлаш ишларини ўтказиш учун уни бошқа барча технологик қувур ўтказгичлардан узиб қўйиш лозим.

220. Таъмирлаш ишлари баландликда бажарилганда, ҳавоза ва тахта тўшамалар ўрнатилиши лозим.

221. Ҳавоза ва таглик ўрнатишнинг имкони бўлмаса, ходимлар баландликда ишлаш учун эҳтиёт камарлари ва арқонлардан фойдаланишлари шарт. Эҳтиёт камарлари ва арқонларнинг маҳкамланиш жойи конструкцияларда аввалдан белгилаб қўйилган бўлиши лозим.

222. Баландликда таъмирлаш ишларини бажарганда, асбоб-ускуна ва материалларни майдонча қирғоғига қўйиш ёки ерга ташлаш тақиқланади.

Асбоб-ускуналарни махсус сумка ёки қутида сақлаш зарур.

223. Ходимларнинг қизиган ускунанинг ичига кирган ҳолда таъмирлаш ишларини олиб боришига ускунани шамоллатиб, ичидаги газлар бутунлай чиқариб юборилгандан ва ҳавонинг ҳарорати кўпи билан 400 С гача пасайтирилгандан сўнг рухсат этилади.

224. Барча таъмирлаш ишлари, ташкилот раҳбари томонидан тайинланган масъул ходим раҳбарлиги ва назорати остида бажарилиши лозим.

225. Ёритиш чироқларини таъмирлаш ишларида фақат 12 В кучланишдаги кўчма лампалар, портлашдан ҳимоялаб ясалган аккумуляторли чироқлардан фойдаланиш керак.

Ёритиш мақсадида машъала, гугурт, керосинли фонарлар, шамчироқлардан фойдаланиш тақиқланади.

226. Асбоб-ускуналарни махсус ўқитилган ва йўл-йўриқ олган, билимлари синалган, стажировкадан ўтган, тегишли разряд ҳамда тоифага эга ходим томонидан таъмирлаш ва созлаш ишлари амалга оширилиши шарт.

227. Капитал таъмирлашдан сўнг асбоб-ускунани ишга тушириш, ташкилот бош механиги (бош энергетик), меҳнат муҳофазаси хизмати ходими, касаба уюшмаси вакили ва бош муҳандис тасдиқлайдиган тегишли далолатнома тузилиб, қабул қилингандан сўнг рухсат берилади.

228. Таъмирлаш ишлари тугагач, барча кераксиз конструкциялар, асбоб-ускуналар, материаллар ва чиқиндилар цехдан олиб кетилиши, тўсиқлар, сақловчи блокировка мосламалари ўз жойига ўрнатилиши керак.

VI боб. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик

229. Ташкилотларни лойиҳалаштиришда, қуришда ва қайта қуришда мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.

230. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

VII боб. Якуний қоида

231. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси, «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси ҳамда Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги билан келишилган.

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б. ЗАКИРОВ

2012 йил 17 май,

Ички ишлар вазири Б. МАТЛЮБОВ

2012 йил 17 май,

Соғлиқни сақлаш вазири А. ИКРАМОВ

2012 йил 17 май,

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Т. НАРБАЕВА

2012 йил 24 май,

«Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси бошлиғи Б. ГУЛЯМОВ

2012 йил 24 май,

«Ўздавэнергоназорат» инспекцияси бошлиғи А. НИМАТУЛЛАЕВ

2012 йил 24 май,

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директорининг ўринбосари А. ЮЛДАШЕВ

2012 йил 24 май,


Номер документа:  26-Б-сон
Дата принятия:  25.05.2012

Последние события

Реклама

Реклама на сайте

Rambler's Top100         MedLinks - Вся медицина в Интернет                 Яндекс.Метрика
Сертифицированный партнёр 1с-Битрикс

Copyright © WWW.MED.UZ - Медицинский портал Узбекистана, 2005-2018 
Все права защищены. Вся информация, размещённая на данном веб-сайте, предназначена только для
персонального использования и не подлежит дальнейшему воспроизведению и/или распространению
в какой-либо форме, иначе как с письменного разрешения компании MedNetSoft

Контакты:
Tel.: +998 (71) 267-00-77
Fax.: +998 (71) 267-00-77
e-mail:
info@mednetsoft.uz